ШЎРЧИДА ФОЖИАЛИ ЎЛИМ: МАРҲУМНИНГ ЯҚИНЛАРИ АДОЛАТ ИСТАМОҚДА
Шўрчи туманида электр симёғочига чиққан 54 ёшли Равшан Каримбердиев юқори кучланишли ток уриши оқибатида ҳалок бўлди. Яқинлари тегирмон эгасини айбламоқда ва жиноят иши қўзғатиш рад этилганига қарамай, холис текширув ҳамда адолат талаб қилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида электр токи уриши оқибатида вафот этган фуқаро билан боғлиқ ҳолат ҳақида хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 19 май куни Шўрчи тумани Лайлакхона маҳалласида 54 ёшли Равшан Каримбердиев довул оқибатида узилган электр таъминотини тиклаш мақсадида симёғочга чиққан вақтида юқори кучланишли ток уриши натижасида ҳалок бўлган.
Марҳумнинг яқинлари таъкидлашича, Равшан Каримбердиев таъмирлаш ишларини бошлашдан аввал электр таъминотини ўчирган. Бироқ шу ҳудуддаги тегирмон эгаси электр токини ўзбошимчалик билан қайта улагани оқибатида фожиа юз бергани иддао қилинмоқда.
Марҳумнинг укаси Абдуллоҳ Каримбердиевнинг билдиришича, оила аъзолари ҳодисага ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб, Президент виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура ва бошқа мутасадди идораларга мурожаат қилган. Аммо уларнинг айтишича, мурожаатларга жиноят иши қўзғатиш рад этилгани ҳақида жавоб берилган.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов мазкур ҳолат холис ва ҳар томонлама ўрганилиши, фожиа сабаблари аниқланиб, унга қонуний баҳо берилиши зарурлигини билдирмоқда.
Ҳозирча олти ойдирки ваколатли органларнинг ушбу ҳолат юзасидан батафсил расмий муносабати берилмади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг