ШОВОТ ТУМАНИНГ ЯНГИ ЗАМҲОКИМИ КИМ ЎЗИ?
Шовот тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари этиб Нурбек Халмурадов тайинланди. Унга нисбатан лавозимга келиши ва оиласи олган кредит-субсидиялар юзасидан инсайдер танқидий саволлар йўллади.
Шовот тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг тақдим этилган хабарига кўра, Халмурадов Нурбек Хикмат ўғли туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган.
У тайинловга қадар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Шовот тумани бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
Ушбу тайинлов муносабати билан Элтузарга ўзини ҳокимият тизимидаги инсайдер сифатида таништирган шахсдан танқидий мактуб келди. Муаллиф янги биринчи ўринбосарнинг лавозимларда кўтарилиши, оила аъзоларига ажратилгани айтилаётган кредит ва субсидиялар юзасидан эътироз билдирган.
Туман молияси ва камбағалликни қисқартиришга масъул раҳбарнинг фаолиятига доир саволлар очиқ ва ҳужжатли жавобни талаб қилади. Айни пайтда, мактубдаги айбловлар мустақил тасдиқланган фактлар эмас. Уларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган.
Қуйида мактубнинг таҳрирланган матнини келтирамиз.
«Нурбек Халмурадовнинг қисқа вақт ичида лавозимларда кўтарилишига эътирозим бор. Менинг даъвоимча, унинг бу лавозимга келиши ортида 20 минг АҚШ доллари билан боғлиқ келишув бор. Бу ҳолатни ваколатли идоралар текшириши керак.
Унинг аввалги иш фаолиятида қандай натижаларга эришгани ҳам очиқ кўрсатилса. Мен унинг маҳаллада ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаган даврида аҳоли манфаати учун қилган сезиларли ишини билмайман. Аммо ўзига кўчма контейнер шаклида дўкон қурганини айта оламан.
Шунингдек, мендаги маълумотга кўра, унинг оиласига тегишли, қурилиши тугалланмаган совиткич объекти учун 200 миллион сўм кредит олинган. Бироқ мазкур объект ишга тушмади. Бу маблағнинг мақсадли сарфлангани текширилишини сўрайман.
Турмуш ўртоғи номига имтиёзли кредит, онаси ва турмуш ўртоғи номига эса тикув машинаси ҳамда оверлок учун субсидия ажратилгани ҳақида ҳам маълумотим бор. Ушбу ёрдамлар қандай мезонлар асосида берилган? Аризаларни ким кўриб чиққан ва қарорларни ким қабул қилган?
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари бўладиган раҳбарнинг аввалги фаолияти, иш натижалари ва давлат кўмагидан фойдаланиши юзасидан очиқлик бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Шовот аҳолиси бу саволларга аниқ жавоб олишга ҳақли».
Элтузар изоҳи: мактубда тилга олинган 20 минг доллар, кредит ва субсидияларга оид даъволар текширишни талаб қилади. Кредит ёки субсидия олинганининг ўзи қонунбузарликни англатмайди: уларнинг ажратилиш асослари, шартлари ва мақсадли ишлатилиши муҳим.
Нурбек Халмурадов, Шовот тумани ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларнинг мазкур масалалар юзасидан ҳужжатларга асосланган муносабатини эълон қилишга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг