SANEG-ДА ЮЗЛАБ ХОДИМЛАР ИШСИЗ ҚОЛИШИ МУМКИН
Қашқадарёдаги SANEG - «Саноат энергетика гуруҳи»нинг Қарши ва Муборак бўлинмаларида 600 нафарга яқин ходим қисқартириш ва босимлардан норози бўлиб, Бош прокуратура ва меҳнат инспекциясига жамоавий мурожаат йўллади.
Қашқадарё вилоятидаги SANEG – «Саноат энергетика гуруҳи» компаниясининг бир гуруҳ ходимлари ишдан бўшатишга мажбурланаётганини билдириб, жамоавий мурожаат тайёрлаган. Элтузарга келиб тушган мурожаат Бош прокуратурага, нусхаси эса Давлат меҳнат инспекциясига йўлланган.
Ходимлар келтирган маълумотга кўра, Қарши ва Муборак бўлинмаларида жами 600 нафарга яқин ишчи ишдан бўшатилган ёки ишсиз қолиш хавфи остида. Улар орасида соҳада 20–30 йил меҳнат қилган тажрибали мутахассислар ҳам борлиги айтилмоқда.
Мурожаат муаллифларининг ёзишича, корхона «Турон» компанияси таркибига ўтаётгани ва қайта ташкил этилаётгани важи билан кадрлар бўлими ходимларга психологик босим ўтказмоқда. Ишчиларга «босқичма-босқич ҳамма ишдан бўшайди», дея айтилиб, пул компенсацияси эвазига меҳнат шартномасини тарафлар келишуви билан бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаш талаб қилинаётгани иддао қилинган.
«Агар ушбу шартларга кўнмасак, огоҳлантириш хати бериб, бизни ишдан четлаштириш ва штат қисқартириш билан таҳдид қилишмоқда», – дейилади мурожаатда.
Ходимлар қисқартиришнинг ҳақиқий сабабларини ҳам шубҳа остига олган. Уларнинг даъвосича, айрим иш ўринлари амалда тугатилмаяпти, балки бу лавозимларга офис ходимлари ва ташқаридан бошқа шахсларни жойлаштириш режалаштирилган. Шунингдек, айрим ходимлар таниш-билишчилик асосида бошқа бўлимларга ўтказилаётгани айтилмоқда.
Мурожаат муаллифлари бу ҳолатларни «сохта қисқартириш» деб баҳолаб, корхона раҳбарияти ва кадрлар бўлими ҳаракатлари юзасидан прокурор текшируви ўтказишни сўраган. Улар келишув ҳужжатларини босим остида имзолатишга уринишларга ҳуқуқий баҳо бериш, меҳнат ҳуқуқларини тиклаш ва янги ташкилотда ишини давом эттиришга ёрдам кўрсатишни талаб қилмоқда.
Тақдим этилган мурожаат нусхасида сана ва имзолар кўринмайди. 600 нафар ходим ҳақидаги рақам ҳамда босим ва таниш-билишчиликка оид даъволар мустақил тасдиқланган эмас. Тақдим этилган материалларда SANEG ёки «Турон» компаниясининг мазкур ҳолат юзасидан изоҳи келтирилмаган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг