ПУТИН РОССИЯСИДА 69 СИЁСИЙ МАҲБУС ҲАЛОК БЎЛДИ
«Мемориал» ҳисоботига кўра, Россия Украинага қарши уруш бошланганидан бери камида 69 сиёсий маҳбус ҳалок бўлган. Қурбонларнинг камида 20 нафари калтаклаш ва қийноқлар натижасида, бошқалари тиббий етишмовчилик ва шубҳали шароитларда вафот этган.
Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан буён мамлакатда камида 69 нафар сиёсий маҳбус вафот этган ёки ҳалок бўлган. Уларнинг камида 20 нафари калтаклаш, қийноқ ва уларнинг оқибатлари қурбони бўлган. Бу ҳақда «Мемориал» ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳасининг «Озодликни кўра олмай» номли янги ҳисоботида айтилган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, сиёсий таъқиб қурбонлари нафақат қамоқхоналарда, балки тинтув пайтида, уй қамоғида ёки озодликка чиққач, қисқа муддат ичида ҳам ҳаётдан кўз юмган.
Ҳалок бўлганларнинг 63 нафари эркак, 6 нафари аёл. Уларнинг ўртача ёши 51 ёшни ташкил этган.
Энг ёш қурбонлар Россия томонидан босиб олинган Мелитопол шаҳрида ўғирлаб кетилган 18 ёшли украиналик Даниил Дахов ва Павел Гримак бўлган.
Энг кекса қурбон эса «давлатга хиёнат»да айбланиб, уй қамоғида вафот этган 81 ёшли олим Валерий Митько ҳисобланади.
«Мемориал» маълумотларига кўра, 69 қурбондан камида 29 нафари тиббий сабабларга кўра вафот этган. Ўн кишининг ўлим сабаби номаълумлигича қолмоқда.
Камида 20 киши калтаклаш ва қийноқлар оқибатида ҳалок бўлган. Яна 10 киши ўз жонига қасд қилган ёки шунга ўхшаш шубҳали шароитларда ҳаётдан кўз юмган, деб тахмин қилинмоқда.
Ҳисоботнинг алоҳида қисми Россия куч ишлатар тузилмалари томонидан ушланганидан кейин ҳалок бўлган Украина фуқароларига бағишланган.
Улар орасида 2024 йил сентябрда Россия қамоқ тизимида вафот этган украиналик журналист Виктория Рошчина ҳам бор.
«Мемориал» таъкидлашича, россиялик сиёсий маҳбусларга нисбатан жисмоний зўравонлик асосан дастлабки тергов жараёнида қўлланса, украиналик ҳарбий асирлар ва ўғирлаб кетилган тинч аҳоли вакиллари сақлаш жойларида мунтазам калтаклаш, қийноқ ва таҳқирлашларга дуч келмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари украиналик асирлар тергов ҳибсхоналарида ҳам, жазони ижро этиш колонияларида ҳам зўравонликка учраётганини билдирган.
Шу орада, 26 октябрда Москвада яна бир сиёсий айблов билан қамалган шахснинг ўлими ҳақида хабар тарқалди.
«Ликвидация» телесериалининг 52 ёшли рассом-постановкачиси Александр Кондратов Москвадаги Боткин шифохонасида вафот этган.
У август ойидан буён «давлатга хиёнат» айблови билан тергов ҳибсхонасида сақланаётган эди. Бундан аввал Кондратов икки ой давомида кетма-кет маъмурий қамоқларга олинган.
«Мемориал» ҳисоботи Россияда сиёсий айбловлар билан ҳибсга олинган инсонлар ҳаёти ва саломатлиги учун мавжуд хавфлар қанчалик жиддий эканини кўрсатмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари келтирган 69 рақами ҳужжатлаштирилган ҳолатларни қамраб олади. Россия қамоқхоналаридаги ахборот чекловлари ва мустақил мониторинг имкониятлари чеклангани сабаб ҳақиқий қурбонлар сони бундан кўпроқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Манба: «Мемориал» ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳасининг «Не дождавшись свободы» ҳисоботи
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг