РОССИЯ ЭРОНГА АҚШ ҲАРБИЙ КЕМАЛАРИГА ТАҲДИД СОЛУВЧИ РАКЕТА ТЕХНОЛОГИЯСИНИ БЕРМОҚДА
Financial Times суриштирувига кўра, Россия Эронга ramjet двигателлари асосида супертовушли қанотли ракеталар яратишда махфий ёрдам бермоқда. Бу технология Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий кемалари учун янги стратегик таҳдидга айланиши мумкин.
Россия Эронга Яқин Шарқдаги АҚШ авианосецлари ва бошқа ҳарбий кемаларига жиддий таҳдид солиши мумкин бўлган супертовушли қанотли ракеталар яратишда махфий равишда ёрдам бермоқда. Бу ҳақда Financial Times Россиядан сизиб чиққан ёзишмалар, сафар маълумотлари ва ҳарбий патентларни ўрганган суриштирувида хабар берди.
Газета маълумотига кўра, C430L код номи билан юритилаётган махфий дастур 2023 йилда бошланган ва 2026 йилда ҳам давом этган.
Лойиҳанинг асосий мақсади – Эронга ramjet, яъни тўғри оқимли ҳаво-реактив двигател технологиясини ўзлаштиришда ёрдам бериш. Бундай двигател қанотли ракеталарга товуш тезлигидан бир неча баробар юқори тезликда учиш имконини бериши мумкин. Мутахассислар бу технология, энг аввало, кемаларга ва қуруқликдаги нишонларга зарба беришга мўлжалланган ракеталар учун ишлатилиши мумкинлигини айтмоқда.
Financial Times маълумотига кўра, Россия томонидан дастурда давлат қурол-аслаҳа экспортчиси «Рособоронэкспорт» ва ракета технологияларига ихтисослашган НПО Машиностроения иштирок этган.
Ҳужжатлар Россиянинг тажрибали ракета мутахассислари Эронга бир неча бор борганини, кейинчалик эса Эрон ўтказган синовлар натижаларини таҳлил қилиб, ёқилғи тизими, ёниш жараёни, ҳаво қабул қилиш қисми ва двигатель соплоси бўйича маслаҳатлар берганини кўрсатади.
Conflict Armament Research катта таҳлилчиси Фабиан Ҳинц буни Москвадан Теҳронга ўта сезгир стратегик ҳарбий технология узатилиши деб баҳолаган. Унинг фикрича, бундай даражадаги дастур Россия раҳбариятининг энг юқори поғонасида сиёсий розиликсиз амалга оширилиши қийин.
ЦРУнинг Эрон бўйича собиқ ҳарбий таҳлилчиси Жим Ламсон эса ушбу технология Теҳронга мутлақо янги стратегик қурол турини бериши мумкинлигини айтган.
Унинг фикрича, бундай ракеталар АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари кемалари учун реал таҳдидга айланиши мумкин.
Супертовушли қанотли ракеталарнинг хавфли жиҳати – уларнинг катта тезлик билан бирга паст баландликда учиш имкониятидир. Бу радарларга нишонни аниқлаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига уни уриб тушириш учун қоладиган вақтни кескин қисқартиради. Бу, айниқса, АҚШ ва унинг иттифоқчилари кучли ҳаво ва ракета мудофаа тизимларига эга бўлган Форс кўрфази ҳудудида муҳим аҳамиятга эга.
Эрон ramjet двигателини қуриб, уни парвоз синовларидан ҳам ўтказгани айтилмоқда. Бироқ ҳозирча Россия ёрдамида ишлаб чиқилган супертовушли қанотли ракета Эрон армияси қуролланишига қабул қилинганини тасдиқловчи далил йўқ.
Москва ва Теҳрон ўртасидаги бу ҳамкорлик Россия-Украина уруши фонида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Эрон Россияга «Шаҳид» туридаги дронлар технологиясини берган, Москва ва Теҳрон ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик эса кейинги йилларда сезиларли даражада кучайган.
2024 йил июнида Владимир Путин Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига зарба берилишига жавобан Москва дунёнинг бошқа минтақаларига Ғарб давлатларининг «нозик объектлари»га зарба бера оладиган қуролларни етказиб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини очиқ айтган эди.
Financial Times маълумотига кўра, Путин бу баёнотни берган пайтда C430L дастури аллақачон ишга тушган эди.
Агар Эрон ушбу технология асосида тўлақонли супертовушли қанотли ракеталарни серияли ишлаб чиқаришга эришса, бу Форс кўрфазидаги ҳарбий кучлар мувозанатига жиддий таъсир кўрсатиши ва АҚШ авианосецлари ҳамда бошқа ҳарбий кемаларининг минтақага жойлаштирилишини янада хавфли қилиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг