РЕКТОРЛАРНИ КАБМИН БЎШАТАДИ – ТАЪЛИМ ВАЗИРИ ЎЗИ НИМАГА КЕРАК?
2026 йилдан давлат университетлари ректорларини вазир тайинлайди, аммо ҳозирча уларни бўшатиш ваколати Вазирлар Маҳкамасида. Муаллиф текширувлар қандай бўлиши, ректорлар кадрлар сиёсати ва масъулияти қандай баҳоланиши кераклиги ҳақида сўз юритади.
Куни кеча янги Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов давлат олий таълим ташкилотлари ректорлари иштирокида мажлис ўтказди. Мажлис танқидий руҳда ўтган. Бунинг ортидан QALAMPIR.UZ нашри беш нафар ректор вазир томонидан бўшатиб юборилганини эълон қилди. Бироқ янги тайинловлар ҳақида хабарлар кузатилмади.
Гап шундаки, Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат университетлари ректорларини Олий таълим, фан ва инновациялар вазири тайинлайди.
Президентнинг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сон Фармони асосида тайинлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- Тегишли вазирлик ёки идора раҳбари номзодни тавсия қилади.
- Номзод Президент Администрацияси билан келишилади.
- Вазирлар Маҳкамаси билан келишилади.
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ректорни тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
Аввал давлат университетлари ректорларини Вазирлар Маҳкамаси тайинлаган. Яъни 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сон Фармони асосида таълим вазири ҳали бирорта ректорни ўзи тайинламаган. Ҳозир курсиларда ўтирган барча ректорлар Вазирлар Маҳкамасининг инон-ихтиёрида.
Таълим ва илм-фан вазири Самарқанд чет тиллар институти ректори, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори, Кимё технологлар институти ректори фаолиятини кескин танқид қилгани, улар ҳатто мажлисдан чиқариб юборилганлиги ҳақидаги иддаоларда жон бор.
Айни дамда вазирлик ишчи гуруҳлари ректорлар фаолиятини ўрганишни бошлади. Лекин бу текширувлар бандлик, ўқув ҳужжатлари билан чекланади. Тафтишда нималарга аҳамият берилиши керак?
Ҳар бир ректорнинг бошқарувчи кадрлар сиёсати кўздан кечирилиши лозим. Проректорлар, декан ва бўлим бошлиқлари қандай принцип асосида тайинланган, улар лавозимига қай даражада муносиб? Тайинловда АРГОС сартификатлари,вазирликнинг тавсиялари инобатга олинганми? Тайинланган кадрлар сирасида бевосита ректорнинг шогирди бўлган, ректоратга билвосита алоқадорларнинг фоиз улуши қанча?
Университет ва институтларда илмий даражали ва даражасиз кадрларнинг оқими кўздан кечирилсин. Профессорлару, бир неча ўн йиллик кадрлар, профессор-ўқитувчилар нега даб-дурустдан ишдан бўшашади? Уларга қандай босим ўтказилади? Сиқиб чиқариш механизмлари қандай?
Проректорларнинг шахсан жавобгарлиги ва масъулияти остида қандай ишлар бажарилган? Ректоратнинг сон-саноқсиз хизмат сафарларини молиялаштирган университет бундан конкрет нима наф кўрган? Тижорат ва инвестиция кўрсаткичлари дарҳақиқат кўтарилганми ёки ўқитувчиларни талон-торож қилиш, чет элга ўз ҳисобидан малака оширишга юбориш эвазигами? Буниси энди риторик савол.
Раҳбарият ўзига ажратилган дарс соатларини ўтяптими? Ўзи 200-300 фоиз ойлик устама оладиган бу бошлиқ кадрларга дарс соати нимага керак?
Фан дастурларини ўзгартириш, адабиётлар рўйхатини янгилаб қўйиш, талабалар бандлик кўрсаткичини кўтариб қўйиш жуда осон масала. Агар таълим вазирининг мақсади бошқарувда автономликка, мустақилликка эришиш бўлса тафтишлар юзаки дастур ҳужжатлари, статистика билан чекланмаслиги керак. Ижтимоий тармоқлардаги талабалар ва жамоалар томонидан қўллаб-қувватловга ҳам кўп аҳамият бермаслик керак. Хушомадгўйлик жамиятимиз ДНКсида бор. Юқоридаги ҳақиқий масалаларни кўтаришга янги вазирликнинг административ иродаси етармикан? Ёки алоқалар, таниш-билишлар устун келадими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг