Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда айрим фото ва видео қайд этиш қурилмалари (радарлар) томонидан ҳайдовчиларнинг тезлиги нотўғри қайд этилаётгани, натижада фуқароларга асоссиз равишда жарималар ёзилаётгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу муаммо ортидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) республика бўйлаб радарлар фаолиятини текшириш ва таққослаш ишларини кучайтирганини маълум қилди.

Шундай экан, агар сизга ҳам шубҳали ёки нотўғри деб ҳисоблаган радар жаримаси келган бўлса, дарҳол тўлов қилишга ошиқишингиз шарт эмас. Қуйида бундай вазиятларда қандай йўл тутиш кераклиги ва қонуний ҳақ-ҳуқуқларингиз ҳақида батафсил тўхталамиз.

ЖАРИМАГА ШОШИБ ТЎЛАМАНГ: ХАТОЛАР ФОИЗ ҲИСОБИДА ҲАМ УЧРАБ ТУРАДИ

Ҳайдовчиларга радар орқали келган қарорлар ҳар доим ҳам юқори аниқликда бўлмаслиги мумкин. Техника ҳамма вақт ҳам мукаммал ишламаслиги, айниқса қурилмалар ўз вақтида метрологик текширувдан ўтмаган ёки носоз ҳолатда ишлаган бўлса, тезликни ошириш ҳолатлари сунъий равишда юқори кўрсатилиши мумкин.

Агарда радарнинг созлиги ёки тезликни ўлчашдаги аниқлиги юзасидан шубҳангиз бўлса, дарҳол жаримани тўлашга шошилиш ярамайди. Биринчи навбатда қарор ва унинг фотосуратини диққат билан ўрганиб чиқиш лозим.

МУАММОЛИ ЁКИ НОСОЗ ДЕБ ТОПИЛСА – ЖАРИМА АВТОМАТИК РАВИШДА БЕКОР ҚИЛИНАДИ

ЙҲХХ ва тегишли масъул идоралар томонидан ўтказилаётган текширувлар жараёнида муайян ҳудуддаги радарлар ноаниқ ёки носоз ишлаётгани аниқланса фуқаролар ўз ҳуқуларини ҳимоя қилиши керак.

Қурилманинг носозлиги ёки техник талабларга жавоб бермаслиги исботланса, жарималар автоматик равишда бекор қилиниши таъминланади. Агар қарор ноҳақ чиқарилган деб ҳисобласангиз ва жаримани бекор қилдириш учун расмий равишда курашмоқчи бўлсангиз, Маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз бор.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, агар ҳужжатлар ва важлар тўғри тақдим этилса, суд бундай ишларни жуда қисқа муддатда аттиги икки кун ичида кўриб чиқиб, ҳайдовчиларнинг фойдасига қарор чиқариши ва асоссиз жарималарни бекор қилиб бериши мумкин.

Суд жараёнида радарнинг метрологик текширувдан ўтганлик муддати, сертификати ҳамда суратдаги бошқа автомобилларнинг мавжудлиги каби ҳолатлар асосий далил сифатида хизмат қилади.

МИБГА (МАЖБУРИЙ ИЖРО БЮРОСИГА) ОШМАЙДИ

Кўпчилик ҳайдовчиларни “Агар жаримани вақтида тўламасам, Мажбурий ижро бюроси (МИБ) орқали ҳисоб рақамларим музлаб қоладими ёки ортиқча пеня ҳисобланадими?” деган хавотир безовта қилади.

Агарда жарима юзасидан асослантирилган эътироз билдирилиб, ушбу ҳолат ўрганилаётган ёки суд жараёнида кўрилаётган бўлса, иш Мажбурий ижро бюросига (МИБ) оширилишининг олди олинади.

Қурилма муаммоли ёки носоз деб топилиб, жарима бекор қилингач эса, у умуман ижрога қаратилмайди ва ҳайдовчига ҳеч қандай мажбурий чоралар кўрилмайди.

Йўлларда қонунийлик ва адолатни таъминлаш ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқидир. Шу боис, сизга келган ҳар бир радар хабарномасига танқидий кўз билан қаранг, шубҳали ҳолатларда ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни талаб қилиб, тегишли органларга ёки судга мурожаат қилишдан қўрқманг.