Элтузарга Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги олтита давлат боғчасига иситиш қозонлари ўрнатилиши билан боғлиқ ариза ва далолатномалар тақдим этилди.

Ҳужжатларга кўра, “Сурхон тиббиёт ва таълим махсус таъминот базаси” МЧЖ раҳбари А.А. Амиров 2023 йилда Қумқўрғон туманининг ўша пайтдаги ҳокими Анвар Нормаматовнинг оғзаки кўрсатмаси асосида 7-, 9-, 16-, 17-, 24- ва 30-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларига “TEPLO IDEAL” русумли иситиш қозонлари ўрнатганини билдирмоқда.

Тадбиркорнинг даъво қилишича, ҳоким унга:

“Ишни қилавер, шартнома, лойиҳа-смета ва экспертизадан ўтказиб, пулларингни бериб юборамиз”, деган.

Корхона ишни бажарган. Қозонлар, насослар, қувурлар, металл конструкциялар ва бошқа ускуналар етказиб берилган. Монтаж ишлари амалга оширилган. Ҳар бир боғча бўйича туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, бош ҳисобчи, махсус таъмирлаш хизмати, боғча раҳбарлари ва таъминотчи корхона вакиллари имзолаган, муҳрлар босилган алоҳида далолатномалар тузилган.

Олтита далолатномадаги маблағларнинг умумий қиймати 831 миллион 302 минг 304 сўм бўлган.

Аммо тадбиркорнинг билдиришича, 2023 йилдан 2026 йилгача унга пул берилмаган. Шартнома ҳам расмийлаштирилмаган.

Энг ҳайратланарлиси, корхона раҳбари Анвар Нормаматовдан қарзни тўлашни талаб қилганида, собиқ ҳоким унга:

“Қозонларни ечиб олиб кетавер”, деб жавоб берганини айтмоқда.

Бу нима дегани?

Давлат боғчаларига иситиш тизимини ўрнатишни оғзаки буюриш мумкинми?

831 миллион сўмлик иш тендерсиз, шартномасиз ва тасдиқланган сметасиз қандай бошланган?

Агар ҳеч қандай буюртма бўлмаган бўлса, нима учун туман таълим бўлими масъуллари олтита далолатномани имзолаб, муҳр босган?

Агар ишлар ҳақиқатан бажарилган бўлса, нима учун тадбиркорнинг ҳақи уч йил давомида тўланмаган?

Агар ҳокимлик ушбу қарзни тан олмаса, боғчалардаги қозонлар кимнинг мулки ҳисобланади?

Ҳокимнинг оғзаки гапи билан тадбиркор юз миллионлаб сўм сарфлайди. Иш битгач, давлат муассасалари далолатнома тузиб, муҳр босади. Аммо тўлов вақти келганда шартнома йўқлиги баҳона қилинади.

Бу тадбиркорни давлат идораларига ишонтириб, кейин уни ҳужжатсиз ва пулсиз қолдиришдан бошқа ҳеч нарса эмас.

Анвар Нормаматов 2025 йил декабрида Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимидан озод қилинган ва унинг ўрнига Фаррух Холиқов тайинланган. Аммо ҳоким алмашгани билан давлат идорасининг масъулияти йўқолиб қолмайди. Янги раҳбарият “бу иш аввалги ҳоким даврида бўлган” деб четга чиқиб кетолмайди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, прокуратура, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги молиявий назорат органлари ушбу ҳужжатларни зудлик билан ўрганиши керак.

Элтузар Қумқўрғон тумани ҳокимлиги, собиқ ҳоким Анвар Нормаматов, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан расмий муносабат кутади. Таҳририят иккинчи томоннинг жавобини ҳам тўлиқ эълон қилишга тайёр.