Қашқадарё вилоятида ички ишлар органлари ходимларига тунги хизмат учун белгиланган компенсация 8 ойдан бери тўланмаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди.

Мурожаатга кўра, патруль-пост, йўл-патруль ва профилактика хизмати ходимлари тунлари хизматда, аммо уларга ваъда қилинган қўшимча ҳақ ҳамон йўқ.

2026 йил 27 январда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига тунги хизматнинг ҳар бир соати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи миқдорида компенсация тўланиши белгиланган эди.

Ўша йиғилишда патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматларини туну кун уч сменали режимга ўтказиш, чақирув тушганидан кейин патруль гуруҳининг воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб бориши кераклиги ҳам айтилган.

Яъни ходимга “тун бўлса ҳам хизмат қил, чақирув бўлса 5 дақиқада етиб бор,” деган аниқ талаб қўйилган.

Аммо мурожаат муаллифларининг айтишича, Қашқадарёда ходимга тегишли пулни тўлаш масаласига келганда тизим негадир ишламаяпти.

ТАЛАБ БАЖАРИЛЯПТИ, КОМПЕНСАЦИЯ ҚАЕРДА?

Мурожаатда таъкидланишича, ходимлар уч сменали тартибда хизматни давом эттирмоқда, тунги навбатчиликка чиқмоқда ва зиммасига юклатилган вазифани бажармоқда. Аммо уларга тегишли компенсация тўловлари йиғилиб қолган.

Ходимларга нега пул берилмаётгани, маблағ бор-йўқлиги ёки тўлов қачон амалга оширилиши ҳақида аниқ тушунтириш берилмаётгани ҳайратланарлидир.

Хўш, Президент даражасида “тўланади” деб белгиланган пулни жойларда ким тўхтатиб турибди?

Тунги хизмат кабинетда ўтириб ҳисобот ёзиш эмас. Бу – тун бўйи кўчада юриш, чақирувларга чиқиш, жанжал, авария ва жиноят содир бўлган жойларга биринчи бўлиб етиб бориш дегани.

Шундай шароитда ходимнинг қонуний ҳақини ойлаб кечиктириш уни рағбатлантириш эмас, аксинча, тизимнинг ўзи ходимни руҳан синдиришига олиб келиши мумкин.

Элтузар Ички ишлар вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ИИБдан ушбу ҳолатга аниқлик киритишни сўрайди.

Президент топшириғи ходимдан талаб қилиш учун ишлаб, унга пул тўлашга келганда ишламай қолмаслиги керак.

Элтузар Қашқадарё вилояти ИИБ ва ИИВнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.