Қашқадарё вилояти Ғузор туманида аҳолига етказиб берилиши лозим бўлган суюлтирилган газ баллонларини тақсимлаш жараёнида қонунбузилишлар ва коррупция ҳолатлари юзага келмоқда.

Аҳолининг таъкидлашича, айрим маҳаллаларда одамлар 77–105 кунгача газ баллони олмаган бўлса-да, «E-Gaz» тизимида газ ўз вақтида олингани ҳақида маълумот шакллантирилган.

Шунингдек, баллонларни тарқатишда онлайн ҳисоб тизими четлаб ўтилиб, ID-карталар ва қўлбола («ручной») тизим орқали ноқонуний операциялар амалга ошириляпти.

Газ баллонларидаги стикер-кодлар, тарозилар ва тарқатиш жараёни амалда белгиланган тартибларга мувофиқ эмас.

Энергетика вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Қашқадарё вилояти ҳудудгаз таъминоти филиали ва Ғузор тумани газ таъминоти бўлими фаолиятини комплекс хизмат текширувидан ўтказиши шарт.

Газга бой Қашқадарёда аҳоли 70 кунлаб газ балон кутиши маҳаллий бошқарув органларининг масалага мутлақо бефарқ эканига ишора қилади.