МИБ “ТАЪТИЛДА” ДЕГАН ИЖРОЧИ ҚАРШИДА МАСТ ҲОЛДА АВАРИЯ ҚИЛДИМИ?
Қаршида МИБ давлат ижрочиси Акбар Раҳматов маст ҳолда машина ҳайдаб ЙТҲ содир этгани, жабрланган ҳайдовчига босим ўтказгани ва ЙҲХХ орқали ҳодисани "ёпиш"га урингани ҳақида иддаолар бор. Расмий органлардан жавоб кутамиз.
Қарши шаҳар Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси Акбар Раҳматов маст ҳолда автомобиль бошқариб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани ва воқеани ёпишга урингани иддао қилинмоқда.
Элтузарга келган янги мурожаатга кўра, ҳодиса 2026 йил 13 июль куни тахминан соат 10:00 атрофида Қарши шаҳрининг Жайҳун кўчасида, болалар шифохонасига кириш қисми яқинида содир бўлган.
Мурожаат муаллифининг айтишича, Акбар Раҳматов бошқарувидаги кулранг Lacetti автомобили Nexia русумли машина билан тўқнашган. Зарба оқибатида Nexia ҳайдовчиси ҳушини йўқотгани, воқеа жойига тез тиббий ёрдам ходимлари чақирилгани айтилмоқда.
Манба ЙТҲ вақтида Lacetti ҳайдовчисидан спиртли ичимлик ҳиди келиб турганини даъво қилмоқда. Бироқ мазкур иддао ҳозирча расмий органлар, тиббий текширув хулосаси ёки алкотестер натижалари билан тасдиқланган эмас.
Мурожаатдаги яна бир жиддий айбловга кўра, атрофдагилар жабрланган ҳайдовчига ёрдам кўрсатаётган пайтда Акбар Раҳматов ўзи таниган Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини чақириб, масалани ёпишга уринган.
Шунингдек, у Nexia ҳайдовчисига «даъвоим йўқ», деб айтиш учун босим ўтказгани ҳам иддао қилинмоқда. Элтузарда ҳозирча бу суҳбатни тасдиқловчи аудио, видео ёки процессуал ҳужжат мавжуд эмас.
Мурожаат муаллифи воқеа жойига келган ЙҲХХ ходимлари нима сабабдан Lacetti ҳайдовчисининг мастлик ҳолатини зудлик билан текширмагани ҳақида савол қўймоқда.
Амалдаги тартибга кўра, ҳайдовчининг алкогол таъсирида эканини аниқлаш ЙҲХХ ходимлари томонидан сертификатланган алкотестер ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Зарур ҳолларда тиббий текширув ЙҲХХ ходими иштирокида даволаш-профилактика муассасасида ўтказилади. Демак, қон намунасини олиш мастликни аниқлашнинг ягона усули эмас, аммо ҳайдовчини белгиланган тартибда текшириш масаласи очиқ қолмоқда.
Элтузар 2026 йил 25 май куни ҳам Қарши шаҳрида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг Акбар Раҳматов фаолиятидан норози экани ҳақида хабар берган эди. Ўша мурожаатда алимент ва бошқа ижро ишлари ойлаб ҳал этилмаётгани, давлат ижрочисини иш жойидан топиш қийинлиги ҳамда мурожаатчиларга қўпол муносабатда бўлиши иддао қилинган.
Шундан кейин МИБ Қашқадарё вилояти бошқармаси расмий муносабат билдириб, Акбар Раҳматов меҳнат таътилида эканини, унинг иш юритувидаги ижро ҳужжатлари бошқа давлат ижрочисига ўтказилганини маълум қилган. Идора ижро ҳаракатлари тўхтаб қолгани ҳақидаги маълумотларни рад этган эди.
Қонунчиликда ҳар йилги меҳнат таътили ходимга ҳар бир иш йили учун берилиши белгиланган. Ходим ва иш берувчи келишувига кўра таътил қисмларга бўлиниши мумкин, аммо унинг камида бир қисми 14 календарь кундан кам бўлмаслиги керак. Шу сабабли ходимнинг йил давомида бир неча марта «таътилда» бўлиши ўз-ўзидан қонунбузарликни англатмайди. Бироқ унинг таътил кунлари, иш жадвали ва воқеа вақтида хизмат вазифасида бўлган-бўлмагани ҳужжатлар орқали осон текширилиши мумкин.
Элтузар Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХХ ва Мажбурий ижро бюросидан қуйидаги саволларга жавоб кутмоқда:
13 июль куни Жайҳун кўчасида Lacetti ва Nexia иштирокида ЙТҲ расман қайд этилдими?
Автомобилларни кимлар бошқарган ва ҳодисада жароҳат олган шахс борми?
Lacetti ҳайдовчиси алкотестер ёки тиббий текширувдан ўтказилдими?
Агар текширув ўтказилмаган бўлса, бунга нима сабаб бўлган?
Nexia ҳайдовчисига даъводан воз кечиш учун босим ўтказилгани ҳақидаги иддао текшириладими?
Акбар Раҳматов воқеа вақтида меҳнат таътилида эдими ёки иш кунида хизмат вазифасини бажараётганмиди?
ЙҲХХ ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланадими?
Ушбу иддаолар расмий текширув якунланмагунича тасдиқланган факт ҳисобланмайди. Элтузар Акбар Раҳматов, Қашқадарё вилояти МИБ бошқармаси ва ИИБ ЙҲХХга ўз позициясини билдириш учун минбар беришга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг