«Қамчиқавтойўл» давлат муассасасида ишчи-ходимларни махсус иш кийими ва ёзги оёқ кийим билан таъминлашда жиддий камчиликлар кузатилмоқда.

«2025 йилда ҳам бизга ёзги махсус оёқ кийим (патинка) берилмади. 2026 йилда ҳам аҳвол шу. Ҳалигача ёзги махсус оёқ кийим ҳамда иш кийимлари тарқатилмади?» – дейди йўлсозлар Элтузарга мурожаатида.

Қамчиқ довонининг оғир ва мураккаб иқлим шароитида йўллар хавфсизлигини таъминлаш учун меҳнат қилаётган ходимлар учун махсус ҳимоя воситалари меҳнат хавфсизлигининг энг муҳим қисми.

Иш берувчи оғир ва ноқулай шароитларда меҳнат қилаётган ходимларни белгиланган тартибда бепул махсус кийим-бош ва пойабзал билан таъминлаши шартлиги меҳнат кодексида ҳам аниқ-тиниқ белгиланган.

Бу муассасанинг лоқайд раҳбарларига бир неча ноқулай саволларимиз бор:

Нега 2025 ва 2026 йилларда ишчилар ёзги махсус оёқ кийим билан таъминланмади?

Бу мақсад учун ажратилган маблағлар қаерга сарфланди?

Ташкилотда меҳнат қилаётган қарийб 1200 нафар ишчининг меҳнат ҳуқуқлари қачон таъминланади?

Умуман олганда, давлат ташкилотига ажратилган маблағларнинг сарфланишини ўрганиш лозим. Бироқ бу масала ҳам босди-босди қилиниши эҳтимоли юқори.