«Қамчиқ автойўл» ДМда давлат мол-мулкидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўйича саволлар пайдо бўлмоқда
«Қамчиқ автойўл» давлат муассасаси раҳбарияти ҳамда муассасанинг Ангрен шаҳрида жойлашган 537-йўл бўлими масъул ходимлари давлат мулкига атайин зарар етказган бўлишлари мумкин.

Маълум қилинишича, 2025 йил ноябрь ойида Ангрен шаҳри орқали ўтган Қорабувсой кўприги реконструкцияси жараёнида кўприкнинг асосий конструкциялари сақланган ҳолда, фақат пиёдалар йўлаги қисмининг айрим жойлари емирилган. Демонтаж ишлари натижасида ҳосил бўлган йирик бетон плиталари ва монолит конструкциялар бошқа объектларда қайта фойдаланиш учун яроқли бўлгани иддао қилинмоқда. Бироқ ушбу материалларни давлат балансига киритиш ва сақлаб қолиш ўрнига, улар 537-йўл бўлими ҳудудига олиб келинган ҳамда кейинчалик махсус техника ёрдамида майдаланган.

Эътиборли жиҳати шундаки, оғир бетон конструкцияларини кўприк ҳудудидан 537-йўл бўлимига кўчириш учун махсус оғир юк кўтарувчи кранлар ва йирик тоннажли юк ташувчи транспорт воситалари жалб қилинди. Бу жараёнда давлат ёқилғиси, техникаси ва ишчи кучи сарфланди.
Шундан сўнг бетон конструкцияларни майдалаш ишларида давлат экскаваторларига ўрнатилган гидравлик майдалагич ва бошқа махсус ускуналардан фойдаланилди.

Қайта фойдаланишга яроқли давлат мол-мулки нима сабабдан майдаланган ва уни ташиш ҳамда парчалаш учун давлат маблағлари ҳисобидан сарф-харажат қилинишига ким томонидан рухсат берилган?
Шунингдек, конструкциялар таркибидаги арматура металлари кейинчалик қаерга топширилгани, уларнинг миқдори ва қиймати, тушган маблағлар давлат бюджетига кирим қилинган-қилинмагани ҳам аниқланиши лозим.

Ҳолат юзасидан Элтузарга юборилган маълумотларда ишлар бир нечта масъул шахсларнинг иштироки ва хабардорлигида амалга оширилгани таъкидланади. Албатта, бу ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан холис текширилиб, тегишли ҳужжатлар ва бошқа далиллар асосида баҳоланиши керак.

Ваколатли органлардан қуйидаги саволларга аниқлик киритишни сўраймиз:

Қорабувсой кўприги демонтажидан чиққан бетон конструкциялар кимнинг топшириғи билан 537-йўл бўлими ҳудудига олиб келинган?

Уларни ташиш учун қайси техника ва қанча давлат маблағи сарфланган?

Конструкцияларни майдалашга ким рухсат берган?

Улар таркибидаги арматура металларининг миқдори ва қиймати қанча бўлган?

Арматура қаерга ва ким томонидан топширилган?

Тушган маблағлар давлат ҳисоб рақамига кирим қилинганми?

Иш жараёни бўйича қандай далолатномалар расмийлаштирилган?

«Қамчиқ автойўл» ДМ раҳбарияти ва 537-йўл бўлими масъулларининг ушбу ишлардан хабардорлиги ҳамда иштироки бўлганми?

Ҳолатга оид фото-далиллар ҳам мавжуд. Ушбу материаллар асосида 2025 йил ноябрь ойида Қорабувсой кўприги материалларининг 537-йўл бўлимига ташилиши, уларнинг майдаланиши ва кейинги тақдири бўйича хизмат текшируви ҳамда зарур ҳолларда ҳуқуқий текширув ўтказилиши мақсадга мувофиқ.