РОССИЯ ЕВРОПА БИЛАН УРУШГА ТАЙЁР, АММО БУНИ ИСТАМАЙДИ – ПУТИН
Владимир Путин Европа билан эҳтимолий ҳарбий тўқнашув ҳақида гапириб, Москва урушни истамаслигини, аммо унга тайёр эканини билдирди. У Европада 2030 йилгача Россия билан урушга ҳозирлик муҳокама қилинаётганини айтиб, бундай инқирозда ғолиб бўлмаслигини маълум қилди.
Россия президенти Владимир Путин 29 октябрь куни Европа билан эҳтимолий ҳарбий тўқнашув ҳақида гапириб, Москва бундай урушни истамаслигини, бироқ унга тайёр эканини билдирди.
Путин бу ҳақда Финляндия президенти Александр Стубб ва Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре билан телефон мулоқоти юзасидан фикр билдираётганда маълум қилди.
Россия раҳбарининг таъкидлашича, Европадаги айрим сиёсатчилар 2030 йилга бориб Россия билан урушга тайёргарлик кўриш зарурлигини мунтазам муҳокама қилмоқда.
«Кўпчилик 2030 йилгача урушга тайёргарлик кўриш ҳақида гапирмоқда. Биз, биринчидан, тайёрмиз. Лекин Европа билан ҳеч қандай урушни истамаймиз. Агар кимдир хоҳласа, тайёргарлик кўраверсин», – деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, Европа давлатлари Россияга стратегик мағлубият етказиш мақсадига эриша олмаган ва 2030 йилгача ҳам бунга эришиши даргумон.
«Агар вазият ҳаддан ташқари чуқурлашса, умуман ғолиблар бўлмайди. Буни ҳеч ким унутмасин», – дея огоҳлантирди Россия президенти.
Путин Москва Европа давлатлари билан икки томонлама муносабатларни, шунингдек, Европа Иттифоқи билан тўлақонли мулоқотни тиклаш тарафдори эканини ҳам билдирди.
Маълумотларга кўра, 27 октябрь куни Финляндия ва Норвегия раҳбарлари Путин билан телефон орқали суҳбатлашиб, тинчлик музокараларини қайта бошлаш масаласини кўтарган.
Россия президентининг янги баёноти Москва ва Европа давлатлари ўртасида ҳарбий хавфсизлик масалалари юзасидан кескинлик сақланиб қолаётган бир пайтда янгради.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг