ШОШИЛИНЧ! ПРЕЗИДЕНТ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИДА ИККИ “ГЕНЕРАЛ ҚУЛАДИ” – БИРИ ИШДАН ОЛИНДИ, ИККИНЧИСИ ҚАМОҚҚА ОЛИНДИ
Президент давлат хавфсизлик хизматида икки генерал тақдири кескин ўзгарди: хизмат раҳбари Алишер Усмонов лавозимидан олиб ташланди, яна бир генерал Омонулло Ҳожиакбаров эса ҳибсга олинди. Расмий изоҳ ҳозирча берилмади.
Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизматида кескин кадрлар тозалаши бошлангани айтилмоқда. Элтузар манбаларига кўра, бугун – 17 июль куни хизматнинг икки генерали бўйича жиддий қарор қабул қилинган.
Манбалар Президент давлат хавфсизлик хизмати бошлиғи Алишер Усмонов лавозимидан озод этилгани, хизматнинг яна бир генерали – Омонулло Ҳожиакбаров эса ҳибсга олинганини билдирмоқда.
Ҳожиакбаровнинг айнан қандай иш доирасида ва қайси айбловлар асосида ҳибсга олингани ҳозирча Элтузарга маълум эмас. Алишер Усмоновнинг кейинги тақдири ва унинг процессуал мақоми ҳам очиқлигича қолмоқда.
Айрим инсайдерлар икки генералга нисбатан қабул қилинган қарорлар коррупцияга оид текширувлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ Элтузарда бу даъвони тасдиқловчи расмий ҳужжат мавжуд эмас. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳам ҳозирча бу ҳақда жамоатчиликка ахборот бергани йўқ.
ГЕНЕРАЛНИ ЛАВОЗИМИДАН АҒДАРГАН ЙТҲМИ?
Элтузарнинг бир-биридан мустақил манбалари Алишер Усмоновнинг лавозимдан олинишини 16 июль куни Тошкентда содир бўлган, бир нафар ЙПХ инспекторининг ўлими билан якунланган оғир йўл-транспорт ҳодисасига боғламоқда.
Ҳодиса 16 июль куни тахминан соат 18:30 да Мирзо Улуғбек туманидаги Дўрмон йўли ва Ғазалкент кўчалари кесишмасида содир бўлган.
Расмий маълумотга кўра, патруллик мотоциклларида ҳаракатланаётган уч нафар ЙПХ инспектори иштирокидаги ҳодисада чорраҳага кириб келган Onix автомобили мотоцикллардан бири билан тўқнашган. Мотоциклни бошқарган инспектор олган жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган. Бошқа жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ижтимоий тармоқларда инспекторлар юқори мартабали амалдорлар кортежини кузатиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати эса бу маълумотни рад этиб, мотоциклчилар кортежга ҳамроҳлик қилмаганини билдирди. Айни пайтда айрим дастлабки хабарларда ҳодиса кортежни кузатаётган мотоцикллар иштирокида содир бўлгани қайд этилган.
Элтузар манбалари эса айнан шу фожиали ҳодиса ортидан Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбариятига нисбатан кескин қарорлар қабул қилинганини таъкидламоқда.
Ҳозирча ваколатли идоралар Алишер Усмонов ва Омонулло Ҳожиакбаров ҳақидаги маълумотларга муносабат билдиргани йўқ.
Элтузар мазкур маълумотларга расмий муносабат олиш учун тегишли идораларга мурожаат қилишга тайёр. Таҳририят воқеалар ривожини кузатиб боради ва янги маълумотлар пайдо бўлиши билан хабарни янгилайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг