(6-ҚИСМ)

Педагогик маҳорат марказлари ҳақида Элтузарга келган мурожаатнинг сўнгги қисмида энг оғир даъволар келтирилган.

Муаллифларнинг иддаосига кўра, айрим марказларда ишга қабул қилишдан тортиб малака иши, тест жавоблари, давомат ва устама пулларигача бўлган жараёнлар пулли тизимга айланган бўлиши мумкин.

Бироқ бу даъволарнинг аксарияти ҳозирча бирламчи далиллар билан тасдиқланмаган.

Мурожаатда илмий даражаси ва катта тажрибаси бор номзодларга суҳбатда сунъий равишда паст балл қўйилиб, уларнинг ўрнига тажрибаси кам бакалавр ва магистрлар ишга олингани айтилган.

Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғонада дарсларнинг қарийб 70 фоизи ўқитувчи-ассистентларга юклангани ҳам даъво қилинмоқда. Аммо бу рақамни тасдиқловчи дарс жадваллари ёки ҳисоб-китоблар тақдим этилмаган.

Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ставкадан ортиқ дарс ўтгани, аммо қўшимча соатлар учун ҳақ олмагани айтилган.

Айрим ходимларнинг устама ва рағбатлантириш пуллари ушлаб қолингани, хорижда малака ошириб келган педагогларга хизмат сафари харажатлари тўланмагани ҳақида ҳам шикоятлар бор.

Бу ҳолатларни текшириш учун иш ҳақи ведомостлари, дарс соатлари, устама буйруқлари ва хизмат сафари ҳисоботлари очиқланиши керак.

МАЛАКА ИШИ 300 МИНГ СЎМГА СОТИЛАДИМИ?

Мурожаатдаги энг жиддий даъволардан бири – тингловчилар платформага юклаган малака ишлари кейинги гуруҳларга 150 мингдан 300 минг сўмгача сотилиши мумкинлиги ҳақида.

Муаллифлар сўнгги тўрт-беш ойда топширилган ишларни солиштириш орқали бир хил матн ва шаклларни аниқлаш мумкинлигини билдирган.

Айрим гуруҳ раҳбарлари тест жавоблари ва тайёр тақдимотлар учун 200 минг сўм атрофида пул олиши ҳам даъво қилинмоқда.

Давоматда эса қолдирилган ҳар бир жуфт дарсни «ёпиш» ёки тингловчини дарсда қатнашган қилиб кўрсатиш учун 50 минг сўм сўралиши мумкинлиги айтилган.

Муаллифлар 500 нафар тингловчи ва тахминий тўловлар асосида бир ойлик «яширин бозор»ни юзлаб миллион сўмга баҳолаган.

Аммо бу рақамлар ҳақиқатан пул олинганини исботламайди. Улар фақат назарий ҳисоб-китобдир.

2024 ЙИЛГИ ЖИҲОЗЛАР НЕГА 2026 ЙИЛДА КЕЛГАН?

Мурожаатда 2024 йилда ажратилган моддий-техника ва АКТ жиҳозлари айрим ҳудудларга фақат 2026 йилда етиб кела бошлагани ҳам айтилган.

Бу даъвони текшириш учун харид шартномалари, тўлов ҳужжатлари, омбор маълумотлари ва қабул қилиш далолатномалари жамоатчиликка тақдим этилиши лозим.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги республикадаги барча педагогик маҳорат марказларининг 2024 йил сентябридан буёнги фаолиятини комплекс текшириши керак.

Текширувнинг мақсади мурожаат муаллифини излаш эмас, келтирилган даъволарни ҳужжатлар асосида рад этиш ёки тасдиқлаш бўлиши шарт.

Агар даъволар ёлғон бўлса — вазирлик далил билан рад этсин.

Агар рост бўлса – педагогларни ўқитиш учун тузилган марказларда кимлар “пуллик давомат” ва “тайёр малака иши” бозорини ташкил қилганига жавоб берилсин.