МАГИСТРДАН БАКАЛАВРГА: РАҲБАРЛИК ТАЛАБИ НЕГА ПАСАЙТИРИЛДИ?
Педагогик маҳорат марказларида академик фаолият бўйича директор ўринбосарлари учун талаблар нега магистрдан бакалаврга туширилди? Қарор қандай асосга эга ва таълим сифатига қай тарзда таъсир қилиши мумкинлиги ўрганилади.
(2-ҚИСМ)
Педагогик маҳорат марказларидаги энг асосий лавозимлардан бири – академик фаолият бўйича директор ўринбосари.
Ушбу мансабни эгаллаган шахс ўқув жараёни, профессор-ўқитувчилар фаолияти, дарслар сифати ва марказнинг илмий-методик йўналишларига бевосита таъсир кўрсатади.
Элтузарга келган мурожаатда айтилишича, 2024 йил 1 августдаги 238-сон буйруқда академик фаолият ҳамда педагогларни касбий ривожлантириш бўйича директор ўринбосарлари учун магистр дипломи ва камида беш йиллик иш стажи талаб қилинган.
Шундан кейинги 334-сон буйруқда эса мазкур лавозимлар учун бакалавр дипломи ва камида тўрт йиллик стаж етарли деб белгилангани айтилмоқда. Ҳар икки ҳолатда ҳам илмий даражага эгалик фақат «афзаллик» сифатида қолдирилган.
Демак, бир неча ой ичида лавозим учун минимал маълумот даражаси магистрдан бакалаврга, умумий стаж талаби эса беш йилдан тўрт йилга туширилган.
Хўш, бу ўзгаришга қандай эҳтиёж бор эди?
Вазирликда илмий даражали ёки магистр маълумотига эга номзодлар етишмаганми?
Талабларни пасайтириш бўйича ўтказилган таҳлил, хизмат ёзишмаси ёки ишчи гуруҳ хулосаси мавжудми?
Мурожаат муаллифлари Сирдарё, Самарқанд, Бухоро ва Фарғонадаги айрим раҳбарлик лавозимларига илмий даража ва илмий унвонга эга бўлмаган номзодлар тайинланганини айтиб, марказларнинг ўзида бундай лавозимларга муносиб олимлар бўлганини таъкидламоқда.
Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарёда эса айрим директор ўринбосарлари бакалавр дипломи билан ишлаётгани даъво қилинган. Мурожаатда уларнинг баъзилари бир вақтнинг ўзида кундузги магистратурада таҳсил олаётгани ҳам айтилмоқда.
Элтузар бу маълумотларни ҳозирча дипломлар, меҳнат дафтарчалари ва тайинлов буйруқлари орқали мустақил тасдиқлагани йўқ. Шунинг учун айрим шахсларнинг лавозимга номуносиблиги ҳақида қатъий хулоса чиқаришга эрта.
Бакалавр дипломига эга бўлишнинг ўзи қонунбузарлик эмас. Агар амалдаги буйруқда бакалавр даражасига рухсат берилган бўлса, тайинлов расмий талабларга мос бўлиши мумкин.
Муаммо – ушбу талабнинг нега пасайтирилгани ва бу қарор таълим сифатига қандай таъсир кўрсатганида.
Вазирлик ҳар бир педагогик маҳорат маркази директори ва ўринбосарининг маълумоти, илмий даражаси, иш тажрибаси ҳамда танлов натижаларини очиқ эълон қилса, кўплаб гумонларга ўрин қолмас эди.
Элтузар тегишли раҳбарлар ва вазирликка жавоб бериш ҳуқуқини тақдим этади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг