(3-ҚИСМ)

Педагогик маҳорат марказларининг асосий вазифаси мактаб ва боғча ходимларига оддий маъруза ўқишдан иборат эмас.

Бу муассасалар педагогларга янги методикалар, замонавий технологиялар, илмий ёндашувлар ва илғор халқаро тажрибаларни етказиши керак.

Шундай муассасага ким раҳбарлик қилиши эса фақат диплом масаласи эмас – бутун тизимнинг илмий салоҳиятига дахл қилади.

Элтузарга келган мурожаатда педагогик маҳорат марказлари директорлари ва ўринбосарлари учун белгиланган талаблар педагогика олий таълим муассасалари раҳбарларига қўйиладиган талаблардан кескин фарқ қилиши танқид қилинган.

Мурожаатдаги солиштиришга кўра, олийгоҳ ректори учун илмий даража, илмий унвон ва раҳбарлик тажрибаси талаб қилинади. Педагогик маҳорат маркази директори учун эса магистр маълумоти ва раҳбарлик тажрибаси кифоя қилиши мумкин.

Директор ўринбосари лавозимида эса бакалавр маълумотига ҳам рухсат берилгани айтилмоқда.

Мурожаат муаллифлари Қашқадарё ва Навоийдаги айрим марказ директорлари бакалавр дипломига эга эканини даъво қилмоқда. Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарёдаги бир қатор директор ўринбосарлари ҳақида ҳам шунга ўхшаш маълумотлар келтирилган.

Бу даъволарни тасдиқлаш учун ҳар бир раҳбарнинг дипломи, меҳнат фаолияти, тайинлов ёки танлов ҳужжати ўрганилиши зарур. Ҳозирча мурожаатда ушбу ҳужжатларнинг тўлиқ нусхалари келтирилмаган.

Шунга қарамай, принципиал савол мавжуд.

Илмий даражаси ва унвони бор профессорлар, доцентлар ҳамда кафедра мудирлари фаолиятини илмий-педагогик ташкилотларда ишламаган ёки кам тажрибага эга раҳбар самарали бошқара оладими?

Мурожаат муаллифлари пастроқ малака талабларига эга раҳбарлар ўзларидан тажрибали ходимларни четлатиб, бўш лавозимларга ўзига қулай номзодларни олиши мумкинлигини айтмоқда. Аммо бундай хулоса фақат танлов баённомалари, номзодлар рўйхати ва қўйилган баллар билан исботланиши мумкин.

Шунингдек, маош шартларининг ректор ва проректорларга тенглаштирилиши педагогик маҳорат маркази директори ҳуқуқий жиҳатдан ректор билан бир хил лавозим дегани эмас. Бу икки муассасанинг мақоми ва вазифалари фарқ қилиши мумкин.

Лекин давлат бир раҳбарга ректор даражасида иш ҳақи тўлаётган бўлса, жамоатчилик унинг малакаси, тажрибаси ва иш натижалари ҳақида маълумот сўрашга ҳақли.

Вазирлик республикадаги барча педагогик маҳорат марказлари раҳбарлари бўйича очиқ маълумотлар реестрини тақдим этиши керак:

  • уларнинг маълумоти қандай;
  • илмий даражаси борми;
  • аввал қаерда ишлаган;
  • қандай танловдан ўтган;
  • марказнинг илмий салоҳияти улар тайинлангандан кейин ошганми ёки пасайганми?

Бундай маълумотлар эълон қилинмас экан, “бакалаврлаштириш”, маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик ҳақидаги гумонлар йўқолмайди.