ЎзТВ ҚАЧОН ХАЛҚДАН УЗР СЎРАЙДИ?
Сербиядаги давлат телеканали йиллар давомида муаммоларни яшириб, ҳокимиятга ёқимли манзара кўрсатгани учун томошабинлардан расман узр сўради. Муаллиф ЎзТВнинг ўтмишdagi ва ҳозирги роли, виждон қарзи ҳамда халқ олдидаги масъулиятини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.
Сербиянинг Воеводина жамоат телерадиокомпанияси (RTV) мамлакатда ҳокимият ўзгарганидан сўнг йиллар давомида муаммоларни яширгани ва воқеаларни бирёқлама ёритгани учун томошабинлардан узр сўраб чиқди.
Бу хабарнинг ўзига хос рамзий маъноси бор: ҳокимият ўзгаради, сиёсий тузумлар алмашади, аммо журналистиканинг виждон олдидаги қарзи қолаверади.
Хўш, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси — ЎзТВ қачон халқдан узр сўрайди?
Ўн йиллар давомида ЎзТВ мамлакатдаги воқеликни эмас, ҳокимият кўришни истаган манзарани намойиш этиб келди. Экранларда ҳамиша тараққиёт, фаровонлик, улкан ютуқлар ва халқнинг чексиз миннатдорлиги ҳукм сурди. Экран ортида эса ишсизлик, коррупция, адолатсизлик, мажбурий меҳнат, сиёсий таъқиблар ва инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши каби муаммолар мавжуд эди.
Телевидение бу муаммоларни кўрмадими? Йўқ, кўрди. Аммо кўп ҳолларда кўрмаганликка олди.
Янги маъмурият ҳокимиятга келганидан кейин эса, “жаннатдан хабарлар”нинг юзи бўлган Шерзодхон Қудратхўжа ва Каримов тузумининг куйчиси саналмиш Хайрулла Нуриддиновлар бир кечада тўнни ўзгартириб, ислоҳотлар куйчиси ва синчисига айланди.
Ислом Каримов даврида давлат телевидениеси президент шахси атрофидаги сиёсий мадҳиябозликнинг асосий воситаларидан бирига айланди. Президентнинг ҳар бир ташрифи тарихий воқеа, ҳар бир нутқи дастуриламал, ҳар бир қарори эса буюк ислоҳот сифатида талқин қилинди.
Каримов вафот этгач, ўша телевидение деярли бир кечада янги сиёсий воқеликка мослашди. Кечаги тузумнинг айрим иллатлари ҳақида гапириш мумкин бўлиб қолди. Аммо ўнлаб йиллар давомида шу тузумни улуғлаган ахборот тизимининг ўз масъулияти ҳақида жиддий муҳокама бўлмади.
Энг қизиғи, бугун ҳам ўша услубнинг асосий белгилари сақланиб қолмоқда. Президент фаолиятини ёритишда танқидий масофадан кўра мадҳиябозлик, мустақил таҳлилдан кўра расмий баёнот, жамоатчилик манфаатидан кўра ҳокимиятнинг ахборот эҳтиёжлари устун келади.
Албатта, Ўзбекистон телевидениесида профессионал журналистлар, ҳалол ва виждонли ижодкорлар йўқ эмас. Аммо муаммо алоҳида журналистларда эмас, уларни мустақил журналистика тамойиллари асосида ишлашдан чеклайдиган тизимдадир.
Давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритадиган телевидение ҳукуматнинг хусусий матбуот хизмати эмас. Унинг биринчи вазифаси президентни мақташ ёки вазирларнинг ҳисоботини эфирга узатиш эмас, балки жамиятни холис ахборот билан таъминлаш, ҳокимиятни саволга тутиш ва халқнинг овозини эшиттиришдир.
ЎзТВ эса кўпинча бу вазифаларнинг тескарисини бажариб келди: ҳокимият халқ олдида ҳисоб бериши ўрнига, халқ ҳокимиятдан миннатдор бўлиши кераклиги ҳақида тасаввур яратилди.
Энг хавфлиси — бундай телевидение нафақат воқеликни яширади, балки ҳокимиятнинг ўзини ҳам воқеликдан узоқлаштиради. Муттасил мақтов эшитадиган раҳбар охир-оқибат мамлакатдаги ҳақиқий вазиятни англаш имкониятидан маҳрум бўлади.
Шу маънода, эркин матбуот фақат халққа эмас, ҳокимиятнинг ўзига ҳам керак.
Бироқ ЎзТВнинг халқдан узр сўраши учун яна бир ҳокимият алмашишини кутиш шартми?
Аслида, узр сўраш учун сиёсий инқилоб эмас, касбий виждон ва институционал жасорат керак. Ўтмишдаги хатоларни тан олиш, архивларни очиш, сохталаштирилган ахборот ва яширилган воқеаларни қайта кўриб чиқиш, энг муҳими, бу амалиётлар такрорланмаслиги учун таҳририй мустақилликни таъминлаш зарур.
Акс ҳолда, навбатдаги ҳокимият алмашинувидан кейин ҳам ўша экранлардан яна ўша таниш овозлар янграйди. Фақат мадҳияларнинг қаҳрамони ўзгаради.
Ҳақиқатни айтиш учун ҳокимият алмашишини кутадиган телевидение — журналистика эмас, сиёсий об-ҳавога қараб йўналишини ўзгартирадиган флюгердир.
ЎзТВнинг энг катта муаммоси ҳам шунда: у халққа ҳақиқатни айтишдан кўра, ҳокимиятга ёқишни х
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг