ЎЗЖОКУДА ИЛМИЙ СЕМИНАРДАН ЎТИШ УЧУН 200 ДОЛЛАР ПОРА СЎРАЛМОҚДА
ЎзЖОКУ докторантлари Элтузарга мурожаатида илмий семинардан ўтиш учун камида 200 доллар ва қўшимча совғалар талаб қилинaётгани, ҳужжатларга муҳр қўйиш ва почта хизмати учун қўшимча пул сўралаётганидан шикоят қилмоқда.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (ЎзЖОКУ) докторантлари Элтузарга мурожаат йўллаб, диссертация ҳимояси олдидан ўтказиладиган илмий семинардан ўтиш учун улардан камида 200 АҚШ доллари ва совғалар талаб қилинаётганини билдиришди. Мурожаат муаллифлари бу талабни университетнинг илмий ишлар бўйича проректори Нозима Муратова билан боғламоқда. Мурожаатдаги даъволар мустақил тасдиқланмаган.
Хат муаллифларининг даъвосича, пул ва совғалар проректорнинг ёрдамчиси орқали етказилади. Уларнинг айтишича, бундай талабни бажармаган тадқиқотчилар семинардан турли баҳоналар билан ўтказилмайди. Муаллифлар ўнга яқин илмий семинарда қатнашиб, мурожаатда баён этилган ҳолатларни кузатганини билдирган.
Мурожаатда тадқиқотчиларга бир хил мезон қўлланмаслиги ҳам айтилган. Хат муаллифларига кўра, ректор ёки проректор илмий раҳбарлик қилаётган айрим докторантлар кафедра муҳокамасидан ўтмасдан ҳам семинардан ўтган. Бошқа тадқиқотчиларга эса авторефератдаги техник хатолар асос қилиб кўрсатилган. Муаллифлар бундай эътирозларни илмий семинар котиби Алижон Сафаров билдиришини айтган.
Хатда ҳужжатларга муҳр қўйдириш учун 450 минг сўм сўралиши, авторефератларни почта орқали жўнатиш учун эса проректор котиби почта хизмати нархидан икки баравар кўп ҳақ талаб қилиши ҳам даъво қилинган.
Муаллифларнинг айтишича, бошқа олий таълим муассасаларидан келган тадқиқотчилар ўз университетида кафедра муҳокамасидан ўтган бўлса ҳам, ЎзЖОКУда шу босқични такрорлаши талаб қилинади. Улар бу талаб қайси низомга асослангани ҳақида савол қўйган.
Мурожаатда семинар ва ҳимоя иштирокчилари учун дастурхон ёзиш, тадбирдан кейин эса иссиқ овқат бериш харажати ҳам тадқиқотчилар зиммасига тушиши айтилган. Хат муаллифларига кўра, ректор Шерзодхон Қудратхўжа дастурхон ёзиш шарт эмаслигини бир неча бор айтган, аммо бу амалиёт давом этган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг