“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарувининг собиқ раиси Баҳодиржон Сидиқов ва яна саккиз нафар шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди. Улар орасида Enter Engineering ва Eriell Management компаниялари вакиллари, шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” тизимида юқори лавозимларда ишлаган собиқ мансабдорлар бор.

Жиноят иши Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида кўриб чиқилмоқда. Иш бўйича жами тўққиз нафар шахс судланувчи сифатида жалб қилинган.

Баҳодиржон Сидиқовга жуда кўп миқдорда ва уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги содир этиш айбловлари қўйилган.

Хусусан, унга Жиноят кодексининг 167-моддаси 1-қисми ва 3-қисмининг «а» ҳамда «в» бандлари, 205-моддаси 2-қисмининг «а» ва «б» бандлари, шунингдек, 209-моддаси 2-қисмининг «а» ва «б» бандлари билан айблов эълон қилинган.

Иш доирасида Enter Engineering вакили Улуғбек Усмонов, Eriell Management вакили Нодиржон Бобоев, “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Анарқулов, компания харидлар департаменти бошлиғи Дилмурод Бурхонов ҳам судланмоқда.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” тизимидаги Maxsusenergogaz корхонаси раҳбари Дилшод Ҳақбердиев, Алишер Очилов, Ҳамидулла Асатов ва Масъуджон Ҳошимов ҳам жиноят иши фигурантлари сифатида кўрсатилган.

Бошқа судланувчиларга ҳам жуда кўп миқдорда ва уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб ўзлаштириш ёки растрата қилиш, шунингдек, мансаб сохтакорлиги билан боғлиқ айбловлар қўйилган.

Ҳозирча ишда келтирилган моддий зарарнинг умумий миқдори, айбловларга асос бўлган шартномалар, харидлар ёки лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот очиқланмаган. Enter Engineering ва Eriell Management вакилларининг жиноят ишидаги аниқ роли ҳам суд жараёни давомида ойдинлашиши кутилмоқда.

Баҳодиржон Сидиқов 2025 йил декабрь ойида “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси лавозимидан озод этилган эди. Ўшанда расмий хабарларда унинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан кетгани айтилган, аммо унинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот берилмаган.

Орадан кўп ўтмай, Сидиқовнинг давлат маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа иқтисодий жиноятларда гумонланиб қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

2026 йил январь ойида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” тизимида кенг кўламли текширув олиб борилаётгани ва катта миқдордаги молиявий қонунбузилишлар аниқлангани маълум қилинган эди.

Баҳодиржон Сидиқов “Ўзбекнефтгаз”ни 2019-2020 йилларда ҳам бошқарган. У 2023 йилда компания раҳбарлигига қайтиб, 2025 йил декабригача ушбу лавозимда ишлаган.

Суд жараёни давом этмоқда. Суднинг қонуний кучга кирган ҳукми чиқмагунича барча судланувчилар айбсиз ҳисобланади.