Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ипотека аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг асосий воситаларидан бири. Ўзбекистонда ипотекага уй олиш учун оғир молиявий юкка айланган.

Мамлакатимизда ипотека кредитлари йиллик 17–26 фоиз атрофида таклиф этилмоқда. Айрим Европа давлатларида бу кўрсаткич 3–5 фоиз, АҚШда эса 6–7 фоиз атрофида. Албатта, мамлакатларнинг инфляция даражаси ва иқтисодий шароити турлича. Аммо фарқ жуда катта.

Масалан, 500 миллион сўмни 20 йилга 20 фоиз билан ипотекага олган фуқаро ҳар ой қарийб 8,5 миллион сўм тўлайди. Йигирма йилда умумий тўлов 2 миллиард сўмдан ошади. Яъни 500 миллион сўмлик қарз учун 1,5 миллиард сўмдан ортиқ фоиз тўланади.

Бундай шароитда ўртача маош оладиган оила қандай қилиб уйли бўлади? Бошланғич тўловни йиғишнинг ўзи йиллаб вақт талаб қиляпти. Юқори фоизларни инфляция, банк ресурсларининг қимматлиги ва молиялаштириш имкониятлари чеклангани билан изоҳлаш мумкин. Лекин бу муаммоларнинг барча оғирлигини аҳоли зиммасига юклаш адолатдан эмас.

Ҳукумат ипотека бозорида рақобатни кучайтириши, узоқ муддатли арзон молиявий ресурсларни жалб қилиши ва субсидияларни ҳақиқатан муҳтож оилаларга йўналтириши керак. Уй-жой инсоннинг асосий эҳтиёжи. Ипотека одамларни уйли қилиш учун хизмат қилиши керак, уларни умрбод қарзга ботириш учун эмас.

Ипотека шартлари аҳолининг реал даромадларига мос бўлиши лозим. Акс ҳолда, уй-жой дастурлари қанчалик кенгаймасин, оддий ўртаҳол аҳолиқадриятларимдан айланай деган баҳона билан пешонасининг шўрига ота-энасининг томидан кетолмай юради.