Қадимги юнон афсонасида Одиссей деган қаҳрамон бор. У ўз кемаси билан денгиздан ўтаётганда икки даҳшатли махлуқ – Сцилла ва Харибда ўртасида қолади. Бир томонга юрса, Сцилла олтита одамни ютиб юборади. Иккинчи томонга юрса, Харибда бутун кемасини сувга тортиб кетади. Қайси йўлни танламасин, йўқотиш бор.

Бугун Ўзбекистон ҳам иқтисодий жиҳатдан шундай вазиятга тушиб қолгандек.

Бир томонда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия ташкилотлари турибди. Улар Ўзбекистонга кредит беради, иқтисодиётни ривожлантиришга ёрдамлашади. Лекин бу ҳамкорлик доирасида давлатдан бозор ислоҳотларини ўтказиш, субсидияларни қисқартириш, газ, электр ва бошқа ресурслар нархини ҳақиқий харажатларга яқинлаштириш талаб қилинади.

Агар Ўзбекистон бу ислоҳотларни тўхтатса, халқаро молиявий ёрдамнинг кўп йўналишлари хавф остида қолиши мумкин. Инвестициялар камаяди, иқтисодий ўсиш секинлашади. Мамлакат яна Каримов давридаги ёпиқ иқтисодиёт, валюта тақчиллиги ва чекланган имкониятлар томон қайтади.

Иккинчи томонда эса халқ турибди.

15 ноябрдан суюлтирилган газ нархи 2 минг сўмдан 5 минг сўмга оширилиши айтилмоқда. Кеча 40 минг сўмга олган газ баллони учун энди 100 минг сўм тўлаш керак бўлади. Ойлиги 2–3 миллион сўм бўлган оила учун бу катта фарқ. Чунки фақат газ қимматлашаётгани йўқ. Озиқ-овқат, транспорт, коммунал хизматлар, болаларнинг ўқиши – ҳаммаси пул.

Ҳукумат кам таъминланган оилаларга компенсация беришни режалаштирган. Аммо даромади расман камбағаллик мезонидан юқори бўлган, амалда эса ойликдан ойликка зўрға етиб яшаётган оилалар ҳам кўп.

Иқтисодиётимиз жаҳон бозорига мослашмоқда, нархларимиз халқаро даражага яқинлашмоқда, лекин одамларнинг ойликлари ҳали бунга тайёр эмас.

Албатта, газ ва электр нархини йиллар давомида сунъий паст сақлаш ҳам ечим бўлолмайди. Давлат бунинг учун бюджетдан катта маблағ сарфлайди. Рентабеллик йўқ бунда. Лекин нега ислоҳотларнинг оғирлигини доим биринчи бўлиб оддий одамлар ҳис қилиши керак? Нега нархларни ошириш тез амалга ошади-ю, маошларни кўпайтириш, иш ўринлари яратиш, монополияларни камайтириш бунчалик секин кечади?

Ўзбекистон бир томонда иқтисодий ислоҳотларни тўхтатиш хавфи, иккинчи томонда халқни қийнаб қўйиш хавфига йўлиққан.

Бу икки хавф орасидан имкон қадар омон ўтиш керак. Фақат кемани қутқарамиз деб, унинг ичидаги одамларни қурбон қилмайлик.