«Ўзбекфилм» атрофида сўнгги вақтларда кўп муҳокама қилинган қарздорлик масаласида янги маълумотлар эълон қилинди. Киностудиянинг 1 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарзи тўлиқ қопланган. Шунингдек, ауционга қўйилиши арафасида турган 12 та автомобил ҳам киностудия ихтиёрига қайтарилган. Бу ҳақда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари – Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди.

Бироқ бу «Ўзбекфилм»нинг барча молиявий муаммолари ҳал бўлди, дегани эмас. Киностудия ходимларининг тўпланиб қолган иш ҳақи бўйича қарздорлиги 3 миллиард сўмдан ошмоқда. Демак, жамоа олдидаги мажбуриятлар ҳали ҳам катта. Солиқ қарзининг қоплангани эса студиянинг энг оғриқли муаммоларидан бири бартараф этилганини англатади, холос.

Бир миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарзи қайси маблағ эвазига қоплангани ҳақида аниқ маълумот очиқланмаган. Шу сабабли «қарз қопланди» деган хабардан кейин табиий савол туғилади: бу маблағ киностудиянинг ўз даромадидан тушдими, давлат маблағи ҳисобидан ажратилдими ёки бошқа манба жалб этилдими? Жамоатчилик учун айнан шу масала ойдинлаштирилиши муҳим. Чунки давлатга қарашли корхонанинг қарзи бюджет маблағлари ҳисобидан ёпилган бўлса, бунинг манбаси ва асоси очиқ айтилмоғи керак.

Қолаверса, «Ўзбекфилм» зиммасидаги асосий молиявий юк ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Киностудиянинг 22 миллион еврога тенг кредит мажбурияти бор. Уни 10 гектарлик ер майдони билан бирга гаровдан озод қилиш ва кредит масаласини ҳал этиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ишлар олиб борилмоқда. Бу рақам 1 миллиард сўмлик солиқ қарзи билан солиштирганда, студия олдида турган муаммонинг кўлами анча катта эканини кўрсатади.

Шу боис ҳозирча «Ўзбекфилмнинг қарзлари тугади» деб айтишга асос йўқ. Солиқ қарзи қоплангани – ижобий қадам, аммо 3 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи қарзи ва 22 миллион евролик кредит мажбурияти ҳали ҳал қилиниши керак. Энг асосийси, шоу-шувларга сабаб бўлган қарзнинг қоплангани эмас, унинг қайси маблағ манбаси ҳисобидан қоплангани ва кейинги қарзлар қандай ёпилиши очиқ-ойдин тушунтирилиши керак. Ана шунда Жаҳонгир Аҳмедов айтганидек, «Ўзбекфилм» инқироз тимсоли эмас, миллий кинематографиянинг рамзи бўлиши керак деган гаплари ишончли акс-садо беради.