Сўнгги йилларда хорижда таълим олиш ўзбекистонлик ёшлар орасида энг оммабоп йўналишлардан бирига айланаётган эди. Ёшларда Россия, Жанубий Корея, Туркия ва Хитойдаги университетларга бўлган қизиқиш кескин ошганди. Бироқ 2026 йил бошидаги статистика бу тенденцияда сезиларли ўзгариш юз бераётганини кўрсатмоқда.

Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида 5 862 нафар Ўзбекистон фуқароси ўқиш мақсадида хорижга кетган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 минг нафарга яъни 21,2 фоизга камайгани кўрсатади.

Бунда Россия 1 241 нафар, Жанубий Корея 1 131 нафар, Қирғиз Республикаси 1 059 нафар, Хитой 424 нафар, Туркия 423 нафар, Тожикистон 381 нафар, Буюк Британия — 292 нафарни ташкил этмоқда.

Бу рақамлар хорижда ўқишга бўлган қизиқиш бутунлай йўқолганини эмас, балки ёшларнинг танловида янги омиллар пайдо бўлаётганини англатади.

Ўзбекистонда олий таълим бозори кескин кенгайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони мисли кўрилмаган даражада ошди. Сўнгги йилларда давлат университетлари билан бир қаторда хусусий ва хорижий университетлар ҳам фаолият юритмоқда. Натижада талабалар учун танлов имконияти анча кенгаймоқда.

Авваллари кўплаб ёшлар “Ўзбекистонда ўқишга кира олмасам, хорижга кетаман” деган қараш билан яшаган бўлса, ҳозир бу эҳтиёж аввалгидек долзарб эмас. Контракт асосида ўқиш имкониятлари кенгайди, қабул квоталари ошди, нодавлат университетлар сони кўпайди, айрим хорижий ОТМларнинг филиаллари Ўзбекистонда очилди. Бу ҳам ёшларни Ўзбекистонда олиб қолишга омил бўлмоқда ва хорижга чиқмасдан туриб ҳам диплом олиш имкониятини яратмоқда.

Ўзбекистонда ўқиш хориждагига нисбатан арзон, хорижда таълим олиш нафақат контракт, балки яшаш, транспорт, суғурта ва кундалик харажатларни ҳам талаб қилади. Айниқса, сўнгги йилларда дунё бўйича инфляция кучайгани сабаб чет элда яшаш нархи кескин ошди.

Масалан Жанубий Корея ёки Туркияда ижара ва яшаш харажатлари сезиларли қимматлашган, Россияда рубль курсининг ўзгариши ва миграцион тартиблар таъсир кўрсатмоқда, Буюк Британия каби давлатларда эса таълим нархи кўпчилик оилалар учун жуда қимматлик қилади.

Шу фонда Ўзбекистондаги университетларда ўқиш анча арзон ва қулай вариант сифатида кўрилмоқда. Кўплаб ота-оналар фарзандининг ўз юртида таълим олишини хавфсизроқ ва иқтисодий жиҳатдан мақбул деб ҳисоблаяпти. Иккинчи томонидан ўқишга кириш ҳам аввалгидан анча осонлашган. Бир неча йил олдин олий таълимга кириш катта рақобат ва мураккаб эди. Ҳозир эса университетлар сони кўпайгани, сиртқи ва кечки таълим шакллари кенгайгани, хусусий ОТМлар фаолияти ривожлангани сабабли талабаликка қабул қилиш имкониятлари анча енгиллашган.

Натижада хорижга фақат диплом олиш учун кетиш эҳтиёжи камаймоқда. Эндиликда кўпроқ сифатли таълим, халқаро тажриба ёки келажакдаги иш имкониятини кўзлаган ёшлар хорижни танламоқда.

Авваллари хорижий диплом меҳнат бозорида катта устунлик сифатида қараларди. Ҳозир эса иш берувчилар дипломдан кўра амалий кўникма, тил билиш, IT ва замонавий касбий малакага кўпроқ эътибор бермоқда.

Бу эса айрим ёшларнинг “фақат хориж дипломи учун” четга чиқиш қарорини қайта кўриб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Бироқ бу жараённинг бошқа томони ҳам бор. Олий таълим муассасалари сонининг кескин кўпайиши таълим сифати билан боғлиқ саволларни ҳам юзага чиқармоқда. Айрим нодавлат ОТМларда илмий салоҳият етарли эмаслиги, амалиёт базаси сустлиги, таълим сифати бир хил эмаслиги ҳам бор гап.

Демак, асосий вазифа энди университетлар сонини ошириш эмас, балки сифатли таълим муҳитини яратиш бўлиб қолмоқда.