Қўзини бўрига ишониб топшириш қандай бўлади? Қуйида Элтузар шу масалага тўхталади. «Ўзавтосаноат»нинг коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс йўналишида фаолият юритувчи Зоҳид Рустамович Камолов ҳамда унинг яқин қариндошларига алоқадор корхоналар билан тузилган йирик шартномалар шу пайтгача ҳуқуқ тариибот органларининг эътиборини жалб қилмаяпти.

Инсайдерларга кўра, Зоҳид Камоловнинг отаси ва укасига тегишли экани айтилган корхоналар «Ўзавтосаноат» тизимида миллиардлаб сўмлик шартномаларга эга бўлган.

Хусусан, «Наманган Автомоторс» корхонасининг 71,9 фоиз улуши Камоловнинг отаси Рустам Камоловга, 28,1 фоизи укаси Адҳам Камоловга тегишли. Ушбу корхона билан 5 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлар шартномаси тузилган.

Шунингдек, Адҳам Камоловга тегишли экани кўрсатилган «Авалон Автомоторс» корхонаси билан ҳам 5 миллиард сўмлик шартнома имзоланган.

«Авто Планет» корхонасининг 90 фоиз улуши Адҳам Камоловга тегишли. Зоҳид Камолов эса аввал шу корхона директори бўлиб ишлаган ва ҳозир ҳам бошқарувга алоқадор.

Шу ва шу каби қариндошларга алоқадор корхоналарга бозорда талаб юқори бўлган, даромадли автомобиль эҳтиёт қисмлари устувор тартибда ажратилади, айрим корхоналарга 3–5 миллиард сўмгача олдиндан тўловлар амалга оширилади.

Коррупциянинг олдини олишга масъул мансабдорнинг яқин қариндошларига алоқадор корхоналар йирик шартномалар олган, манфаатлар тўқнашуви қандай тартибда назорат қилинганади ўзи? ДХХ, Бош прокуратура ва бошқа ваколатли идоралардан шартномалар, банк ўтказмалари, эҳтиёт қисмлар тақсимотини текширадими? Ёки ҳақиқий муаммолар, катта жиноятлар бир четда қолиб китоб ноширларию, муаллифларга қарши курашда давом этишадими?