Олот нефть ва газ қидирув экспедициясида ходимни ишга тиклаш бўйича суд қарори ижроси атрофида саволлар пайдо бўлмоқда.

Элтузарга тақдим этилган суд ҳужжатига кўра, «Олот нефть ва газ қидирув экспедицияси» МЧЖ суд тугатиш бошқарувчиси И. Маматназаровнинг 2026 йил 25 майдаги 27-сонли буйруғининг Ўлмас Бобохоновга тегишли қисми ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинган.

Суд Бобохоновни 25 майдан ўз вазифасига ёки унга тенглаштирилган вазифага ишга тиклашни белгилаган. Шунингдек, унинг фойдасига мажбурий прогул учун 8,9 миллион сўмдан зиёд, тўланмай қолган иш ҳақи учун 6,6 миллион сўмдан зиёд, 3 миллион сўм адвокатлик харажати ва 6 миллион сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Энг муҳими, суд қарорининг ишга тиклаш қисми дарҳол ижрога қаратилиши қайд этилган.

Бироқ Элтузарга йўлланган мурожаатда Бобохонов ҳануз суд белгилаган тартибда ишга тикланмагани айтилмоқда. Муаллифларга кўра, унга аввалги ёки тенглаштирилган вазифа ўрнига бурғиловчи ёрдамчиси ёки дизелист каби лавозимлар таклиф этилган. Ишга тиклаш ҳақидаги буйруқ эса ҳануз чиқарилмагани даъво қилинмоқда.

Мурожаатда экспедициядаги қарийб 400 нафар ходимнинг иш ҳақи, мукофот ва премиялари билан боғлиқ саволлар ҳам кўтарилган. Шунингдек, И. Туркмановнинг бир вақтнинг ўзида «Ўзбекгеофизика» ва Олот экспедицияси билан меҳнат муносабатларида бўлган-бўлмаганига аниқлик киритиш сўралмоқда.

Бурғилаш объектларидаги авариялар, корхонага етказилган эҳтимолий зарар ва давлат мулки тасарруфи бўйича ҳам даъволар мавжуд. Бу маълумотлар ҳозирча мустақил тасдиқланмаган.

Аммо суд ҳужжатидаги бир талаб аниқ: Бобохонов ишга тикланиши ва қарорнинг бу қисми дарҳол ижро этилиши керак.

Шундай экан нега суд қарори ҳануз тўлиқ ижро этилмаган?