Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов олий таълимдаги фаолиятини кескин кадрлар алмашуви билан давом эттирмоқда. QALAMPIR.UZ ўз манбасига таяниб хабар беришича, 6 ноябрь куни вазир ўтказган йиғилишда бешта олий таълим муассасаси ректорини лавозимидан озод этиш ҳақида қарор қабул қилинган. Улар орасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов ҳамда Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Ҳолиқов бор.

Элтузарнинг таъбири билан айтганда, таҳририят «хит-парадининг мутлақ юлдузи» Илҳомжон Тўхтасиновнинг ҳам ректорлик курси билан хайрлашаётгани ҳақида хабар тарқалди. Нашр унинг лавозимидан олинишини «Хавфсиз талаба» иловаси атрофидаги можаро билан боғламоқда. Бироқ бу сабаб ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда айрим олийгоҳларда талабалар мазкур иловани ўрнатишга мажбурланаётгани, уни ўрнатмаганлар дарсга киритилмаётгани ҳақида мурожаатлар тарқалган эди. Вазирлик ҳолатни ўрганиш бошланганини билдириб, талабаларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши шартлигини таъкидлаган.

Таҳририятга келган дастлабки маълумотларда Гулистон давлат университети ва кимё-технология йўналишидаги олийгоҳ раҳбарлари ҳам тилга олинмоқда. Аммо бу қисм бўйича мустақил тасдиқ топилмади. Беш ректорнинг тўлиқ рўйхати, уларни озод этиш асослари ва ўрнига кимлар тайинланишига расмий аниқлик киритилиши зарур.

ЭНДИ АСОСИЙ САВОЛ – БЎШАГАН КУРСИЛАРГА КИМЛАР КЕЛАДИ?

Ректорни алмаштириш осонроқ. Олийгоҳдаги бошқарув маданиятини, ўқитувчи ва талабага муносабатни ўзгартириш эса билим, ирода ва масъулият талаб қилади. Янги раҳбарнинг иши баландпарвоз тақдимотлар, тантанали йиғилишлар ёки раҳбариятга ёқадиган ҳисоботлар билан эмас, таълим сифати ва жамоадаги адолат билан ўлчаниши керак.

Умид қиламизки, бўшаган курсиларга салоҳиятли, билимли ва муносиб кадрлар ўтиради. Ўқитувчининг қадрини биладиган, талабанинг овозини эшитадиган, танқидни душманлик деб қабул қилмайдиган раҳбарлар келади.

Жамоатчилик бу алмашувларнинг натижасини олийгоҳлардаги амалий ўзгаришларда кўришга ҳақли. Ректор кетганидан кейин ҳам эски муаммолар қолаверса, курсининг эгаси алмашган бўлади, холос.