Собиқ депутат Олим Сулаймоновни ишга тиклаш, унга мажбурий прогул даври учун иш ҳақи ва компенсация тўлаш ҳақидаги суд қарорлари бир йилдан ортиқ вақтдан бери тўлиқ ижро этилмаяпти.

Элтузарга тақдим этилган маълумотларга кўра, Сулаймонов фойдасига ҳозиргача бешта суд қарори чиққан. Ундирилиши лозим бўлган маблағлар қарийб 750 миллион сўмга етган, аммо ҳозиргача тўлов амалга оширилмагани айтилмоқда.

Таҳририятга юборилган ҳужжатларда Мажбурий ижро бюросининг Олмазор туман бўлими Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда тугатилган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг тугатиш бошқарувчисидан суд қарорлари нега бажарилмаётгани ҳақида тушунтириш талаб қилгани кўринади.

Жумладан, Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2025 йил 15 декабрдаги ижро ҳужжати бўйича Сулаймонов фойдасига 146,8 миллион сўм иш ҳақи ва 500 минг сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

2026 йил 23 июндаги бошқа бир суд қарори асосида эса 130,5 миллион сўм иш ҳақи ва 322,8 миллион сўм компенсация тўланиши керак.

Тақдим этилган шу икки ижро ҳужжатининг ўзидаги маблағлар 600,7 миллион сўмдан ошади. МИБ қарздор ташкилот бир неча марта огоҳлантирилганига қарамай, суд талаблари тўлиқ бажарилмаганини қайд этган.

Шунингдек, ишга тиклаш ҳақидаги қарор бажарилмаган кейинги давр учун яна 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириш талаби билан янги даъво киритилгани билдирилмоқда. Бу талаб бўйича ҳали якуний суд қарори чиқмаган. Агар даъво қаноатлантирилса, умумий сумма бир миллиард сўмдан ошиши мумкин.

МУАММО БИТТА ИШ БИЛАН ЧЕКЛАНМАГАН

МИБнинг 2026 йил 17 июлдаги ҳужжатига кўра, тугатилган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига нисбатан жами 126 та ижро ҳужжати мавжуд.

Улар бўйича 13,6 миллиард сўм ундирилиши керак. Шундан 13,3 миллиард сўми иш ҳақи, мажбурий прогул, маънавий зарар ва компенсацияларга, 294 миллион сўми давлат божига тўғри келади.

Бундан ташқари, 28 нафар собиқ ходимни ишга тиклаш масаласи ҳам очиқ қолмоқда.

МИБ 23 июль куни ижро ҳаракатлари тўхтатилмаганини маълум қилди. Бироқ суд қарорларини қайси ташкилот бажариши масаласида ҳуқуқий муаммо юзага келган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатилгач, унинг ўрнида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янги Миграция агентлиги ташкил этилган. Давлат ижрочиси эски агентликнинг мажбуриятларини янги ташкилот зиммасига ўтказишга қарор қилган.

Янги Миграция агентлиги эса бу қарор устидан судга шикоят қилган. Тошкент шаҳар маъмурий суди МИБнинг мажбуриятларни янги агентликка ўтказиш ҳақидаги қарорларини бекор қилган.

Натижада суд қарорлари кучда қолган, аммо уларни ким ва қандай тартибда бажариши масаласи ҳал этилмаган. МИБ ижро тартибига аниқлик киритиш учун Шайхонтоҳур туманлараро судига мурожаат қилган.

Элтузар бу меҳнат низоси ҳақида аввал ҳам хабар берган. 2025 йилдаги дастлабки қарор билан Олим Сулаймоновни ишга тиклаш, унга иш ҳақи, компенсация, маънавий зарар ва адвокат харажатларини тўлаш белгиланган эди. Қарор бажарилмагани сабаб кейинги даврлар учун янги даъволар киритилиб, ундирув миқдори ошиб борган.

Олим Сулаймонов Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмасига раҳбар этиб тайинланган ва кейинчалик ишдан бўшатилган. Тошкент вилояти ҳокимлиги унинг ишдан олинишини бошқарувдаги камчиликлар ва малака талабларига жавоб бермагани билан изоҳлаган.

Бироқ ишдан бўшатиш юзасидан билдирилган эътирозлар қонуний кучга кирган суд қарорларини бекор қилмайди.

Хўш, давлат ташкилотлари суд қарорларининг амалда бажарилишини қачон таъминлайди?

Элтузар Миграция агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Мажбурий ижро бюросининг муносабатини эълон қилишга тайёр.