ОДИЛХОН ҚОРИ ИСМОИЛОВ 8 ЙИЛГА ҚАМАЛДИ
Тошкентдаги таниқли собиқ имом ва “Rayxon oilaviy milliy taomlari” муассиси Одилхон қори Исмоилов Поп туман суди ҳукмига кўра 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. У ва яна олти киши бир қатор иқтисодий жиноятларда айбли деб топилди.
Тошкентдаги таниқли собиқ имомлардан бири, “Rayxon oilaviy milliy taomlari” муассиси Одилхон қори Исмоилов суд ҳукми билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Жиноят ишлари бўйича Поп туман судида Одилхон қори Исмоилов ва яна олти нафар шахсга оид жиноят иши кўриб чиқилган.
Суд ҳукмига кўра, етти нафар судланувчи ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги, ҳужжатлар ва муҳрларни эгаллаш ёки яшириш, шунингдек, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятларда айбли деб топилган.
Одилхон қори Исмоиловнинг ушлаб турилган ва қамоқда сақланган вақти Жиноят кодексининг 62-моддаси асосида ҳисобга олиниб, ўталиши лозим бўлган жазо муддати 7 йил 11 ой 28 кун этиб белгиланган.
Қолган олти нафар судланувчи ҳам жиноий хатти-ҳаракатларининг хусусиятидан келиб чиқиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.
Жиноят натижасида етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланди. Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан Наманган вилоят судига қонунда белгиланган муддатда шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин.
Одилхон қорига нисбатан 2026 йил январь ойида Поп туман судида кўрилаётган жиноят иши доирасида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган эди. Дастлабки босқичда унга ва ишдаги бошқа шахсларга қатор иқтисодий ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ моддалар бўйича айбловлар эълон қилинган.
Одилхон қори Исмоилов кўп йиллар давомида Тошкент шаҳридаги бир нечта йирик масжидда фаолият юритган. У 2011–2018 йилларда Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби ва “Шайх Зайниддин” — халқ орасида “Кўкча” номи билан танилган жоме масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаган. Кейинчалик “Вақф” хайрия жамоат фонди тизимида ҳам фаолият олиб борган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг