Ўзбекистонда илмий даражалар бериш тизимидаги анъанавий порахўрлик масаласи яна юзага навбатдаги жиддий савол ўртага ташланмоқда. Олий аттестация комиссиясининг университетлар қошидаги кенгашлари диссертация эълонларини чиқариш жараёнида камида 2000 доллар пора талаб қиляпти. ОАК эълон чиқариш тартибини яқин орада бекор қилишни режалаштирган.

Бироқ кенгашлар диссертация ҳимоясини сунъий равишда тўхтатиб туришнинг бошқа йўлларини топа олади. Мустақил тадқиқотчиликка кириш, муҳокамадан семинарга ўтиш – буларнинг барчаси бўлажак «мустақил» кенгашларнинг ихтиёрида бўладими? Демак, бунда ҳам мўмай пора бозори шаклланади.

Ҳозир кенгаш раислари ва илмий котиблар воситачилигида «эълон сотиш» авжида. Ставкалар икки минг доллардан бошланади. Илмий даража олиш жараёни шаффоф эмас, тушунарсиз кечикишлар, эълонларнинг навбатсиз чиқарилиши тадқиқотчиларнинг тенг ҳуқуқлилигига жиддий путур етказмоқда. Ҳимояси ўтган тадқиқотчи ўз шаънига доғ туширмаслик учун ҳам пора берганини ошкор қилмайди, бутун диссертация қайта тафтиш қилинмасин дея тегишли идораларга ариза ёзмайди.

Кенгаш раислари ва илмий котиблар ўз навбатида бу сукунатдан унумли фойдаланади. Диссертация ҳимоясига тайёрланаётган тадқиқотчи белгиланган расмий талабларни бажарганидан сўнг эълон жойлаштириш учун ноқонуний тўлов қилишга мажбур бўлиб қоляпти.

Илмий фаолият учун йиллаб меҳнат қилган тадқиқотчиларнинг маъмурий жараёнларда молиявий босимга дуч келиши – жиддий хатар. Бу истиқболда илмий даража олажак барча кадрларнинг салоҳиятини шубҳа остига қўяди.

Илм-фан тизимидаги ҳар қандай коррупциявий ҳолат олимларнинг адолатга бўлган ишончига зарба беради. ОАК фаолиятида шаффофликни таъминлаш, эълон бериш жараёнларини рақамлаштириш ва коррупцияга оид мурожаатларни холис текшириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Ҳурматли тадқиқотчилар, илмий даража олишда қайси кенгашларда қандай коррупцион тўсиқларга дуч келяпсиз? Бу борада Элтузарга хабар беринг, ёпиғлиқ қозонлар очилиши керак.