63 МИЛЛИАРДЛИК БИНО. МАЛАКА ОШИРИШ МАРКАЗИМИ ЁКИ «ПУЛ ЙИҒИШ МАРКАЗИ»?
Нурафшон шаҳрида 63 млрд сўм маблағ эвазига қурилган малака ошириш маркази атрофида саволлар кўпайди: ходимлар пул йиғими, таътил пайтида мажбурий тозалаш ишлари ва жиҳозлар сифати юзасидан расмий текширув сўрамоқда.
Тошкент вилоятидаги малака ошириш муассасаси ходимлари Элтузарга мурожаат қилиб, Нурафшон шаҳрида қурилган янги бино билан боғлиқ қатор ҳолатлар юзасидан текширув ўтказилишини сўради.
Мурожаатчиларнинг айтишича, янги бино қурилиши ва жиҳозланиши учун катта миқдорда бюджет маблағи ажратилган. Улар 63 миллиард сўмлик лойиҳа ҳақида сўз юритмоқда ва маблағнинг бир қисми давлат, яна бир қисми маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилганини таъкидламоқда.
Ходимлар янги бинода иш бошлаш арафасида меҳнат таътилида бўлишларига қарамай, тозалаш ишларига бир неча бор чақирилганини иддао қилмоқда.
Уларнинг сўзларига кўра, айрим кафедра ходимларидан ёлланма ишчилар ҳақини тўлаш учун 100-200 минг сўм миқдорида пул йиғилган.
Мурожаатчилар пул бермаган ёки меҳнат таътили вақтида тозалаш ишларига чиқмаган ходимларга кейинчалик дарс соатлари тақсимотида муаммо бўлиши мумкинлиги ҳақида босим ўтказилганини ҳам билдирмоқда.
Ходимлар ушбу пул йиғимлари бўйича айрим пластик карта ўтказмалари чеклари мавжудлигини таъкидлаган.
Мурожаатда янги бинога олиб келинган мебел ва техник жиҳозлар сифати бўйича ҳам саволлар кўтарилган.
Ходимларнинг даъвосича, айрим хоналар учун харид қилинган мебеллар сифати ажратилган маблағ миқдорига мос эмас. Улар мебел, компьютер техникаси, пардалар, фаоллар зали жиҳозлари ва дизайн ишлари бўйича харидлар очиқ ўрганилишини сўрамоқда.
Шунингдек, мурожаатчилар муассаса директори Тимур Калмуратовга ва айрим ходимларга катта миқдорда устамалар тайинлангани ҳақида ҳам даъво қилган.
Уларнинг айтишича, айрим ҳолатларда вазирлик устамаси ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 200 фоизгача қўшимча тўловлар белгиланган бўлиши мумкин.
Мурожаатда касаба уюшмаси маблағларининг сарфланиши юзасидан ҳам саволлар кўтарилган. Ходимлар ушбу маблағларнинг қаерга ва қандай асосда сарфлангани текширилишини сўрамоқда.
Шу билан бирга, мурожаатчилар янги бино қурилиши ва жиҳозланиши билан боғлиқ харид жараёнларида Тошкент вилояти ҳокимлиги ва муассаса раҳбариятининг ролига ҳам ойдинлик киритилишини талаб қилмоқда.
Мурожаат муаллифлари тегишли давлат органлари мазкур ҳолатларни ҳужжатлар асосида ўрганиб, жамоатчиликка очиқ маълумот беришини сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг