«НОВАЯ ГАЗЕТА» БОСИМЛАР САБАБ 29 ЙИЛЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТДИ
Россиядаги мустақил нашр «Новая газета» Москва марказида 29 йил ишлаган таҳририят биносини ҳукумат босимлари сабаб тарк этди. Нобель соҳиби Дмитрий Муратов Россияда сўз эркинлиги ва сиёсий ҳуқуқлар кескин чекланаётганини таъкидлади.
Россиядаги мустақил нашрлардан бири — «Новая газета» Москва марказидаги 29 йил давомида фаолият юритган таҳририят биносини тарк этди. Сўнгги иш кунида бино олдига журналистлар ва нашрни қўллаб-қувватлаш учун келганлар йиғилди.
Нашр бош муҳаррири Сергей Соколов таҳририят жамоаси келажакда фаолиятини давом эттиришига умид билдирди.
«Қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат. Бу бизга келажакда яна бирор янги лойиҳа ташкил этиш имконини беради. Шунинг учун хайрлашмаймиз. Албатта, бирор йўлини топамиз», — деди у.
«Новая газета» асосчиларидан бири, Нобель тинчлик мукофоти совриндори Дмитрий Муратов Россияда сўз эркинлиги ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари чекланаётганини танқид қилди.
Муратовнинг таъкидлашича, Россияда урушга қарши бўлган фуқаролар кўп ва уларни қон тўкилишини қўллаб-қувватловчилар сифатида баҳолаш нотўғри.
«Бу Россиянинг Украинага қарши уруши эмас, Кремлнинг Украинага қарши уруши», — деди у. Шунингдек, Муратов мамлакатда Конституциянинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларга оид қоидалари амалда ишламай қолаётганини таъкидлади.
Нашр вакилларига кўра, таҳририят фаолиятини тўхтатишга Россия ҳукумати томонидан ўтказилаётган босим сабаб бўлган. Сентябрь ойида «Новая газета» «хорижий агентлар» реестрига киритилган. Октябрда эса таҳририятнинг Потаповский тор кўчасидаги биносидан чиқарилаётгани ва хайрия маблағларини қабул қилиш тизимини тиклаш имконияти берилмаётгани маълум бўлди.
29 йиллик таҳририят биноси билан хайрлашган жамоа журналистик фаолиятини бошқа шаклда давом эттириш ниятида эканини билдирди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг