ХАЛҚАРО ГРАНТ ВА МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАР ЖАЛБ ЭТИШДА ЁРДАМ КЎРСАТИЛМАЯПТИ
Ҳуқуқий таҳлилда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилотларига халқаро грант ва молиявий маблағлар жалб этиш бўйича масъул вазирлик ва идоралар амалий ёрдам кўрсатмаётгани, қарор ва фармонлар ижроси таъминланмаётгани танқид қилинади.
Кўпчиликка маълумки, ҳуқуқий таҳлил ўтказиб, давлат органлари томонидан мавжуд қонунчилик асосида, ижтимоий шериклик тамойилларига мувофиқ, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мисолида ННТларга кўрсатилаётган “ёрдам”ларни кўриб чиқаётган эдик. Бундан олдин ижтимоий буюртма бериш, ҳуқуқий базасини кучайтириш ва Жамоатчилик кенгаши таркибига киритиш мавзуларида учта таҳлилий мақолалар эълон қилганмиз.
Ҳукуматнинг 667‑сонли қарорининг 2-бандининг в-кичик бандига мувофиқ Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида нодавлат нотижорат ташкилотларига нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишларини амалга ошириш учун халқаро молия ташкилотларининг грантларини жалб этишда кўмаклашиши лозим бўлган. Буларнинг биринчисининг раҳбари бош вазир ўринбосари ҳисобланади.
Юқоридаги ҳужжатларга асосланган ҳолда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ходимлари томонидан жорий йил бошида техник жиҳатдан ривожланиш – товарларнинг сифати ва хавфсизлигини аниқлаш учун кўчма лабораториялар, иш юритиш учун компьютер техникалари, мурожаатларни автоматик қабул қилиш ускуналари, “Сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирлари учун махсус кичик видеокамералар сотиб олиш мақсадида масъул давлат органларига халқаро грант ва молиявий маблағларни жалб этишга кўмаклашишлари юзасидан жами суммаси 2,9 миллион АҚШ доллари бўлган 4та лойиҳа таклифи юборилган.
Маълум бўлишича, 2026 йилнинг қарийб 8 ойи ўтибдики, масъул давлат органлари томонидан 1 цент ҳам халқаро грант ва молиявий маблағлар жалб этилмаган. 4та халқаро грант лойиҳаси таклифи ҳужжатларини ёзиш учун қанча вақт ва ресурс кетганини биласизларми?
Ҳуқуқий таҳлиллар асосида эълон қилган ва қилаётган тўртта мақоламизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 108-сонли Фармони ва 296-сонли Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 667‑сонли қарорига мувофиқ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, уларни услубий қўллаб-қувватлаш, техник кўмак (грант ва молиявий маблағлар) тақдим этиш, ходимлар малакасини ҳамда ҳуқуқий билимларини оширишга масъул органлар томонидан жорий йилда ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаганлиги ҳақида ёритдик. Бундай ёрдамларнинг ҳуқуқий асоси “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун, юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳукуматнинг 135-сонли қарори бўлишини маълум қилдик. Бизнинг ҳайрон қолаётганимиз, мазкур давлат органлари юқоридаги НҲҲлар ижроси бўйича ҳисоботларни қандай ёпмоқда? Нима учун икки томоннинг раҳбарлари бир жойга ўтириб, масалаларни келишиб олмайди?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш ҳолати юзасидан ваколатли органларни режа белгилаш, ижросини мониторинг қилиш, сўраб-тергаш, ҳисобот юритиш чора-тадбирларини кучайтиришга чақирамиз.
Кейинроқ Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимидаги мавжуд ички муаммоларни таҳлил қилиб, мақолалар ёзиш ниятимиз бор.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 72‑моддасига мувофиқ давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга жамият ҳаётида иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратади.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг