«БИЗ КИММИЗ – ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИМИ ЁКИ МАРДИКОР?»
Навоий вилояти Қўриқлаш департаменти ходимлари раҳбарларини меҳнат ҳуқуқларини бузиш, 24 соатлик навбатдан кейин ҳам асоссиз ушлаб туриш ва таътилга чиқиш учун пул ёки янги шартнома талаб қилишда айбламоқда.
Навоий вилояти Қўриқлаш департаменти ходимлари раҳбарият томонидан меҳнат ҳуқуқлари бузилаётгани ва ноқонуний талаблар қўйилаётганини айтиб, Элтузарга мурожаат қилишди.
Уларнинг билдиришича, Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи А.П. Турсунов ва шаҳар бўлими бошлиғи Ф.Т. Файзиев ходимларни 24 соатлик хизматдан кейин ҳам соат 11:00–12:00 гача асоссиз ушлаб туришади.
Шунингдек, ходимлардан янги қўриқлаш объектлари ва хонадонлар топиш, ҳатто хизмат таътилига чиқиш учун пул ёки янги шартнома олиб келиш талаб қилиняпти. Талабларни бажармаганларга «Ёқмаса, кет!» дейилади, айримлар иш жойига киритилмайди.
«Биз ҳам инсонмиз! Бизнинг ҳам оиламиз, соғлиғимиз, қадр-қимматимиз бор. Ватанга хизмат қиламизми ёки раҳбарларнинг шахсий манфаати учун ишлаймизми?» — дейди мурожаатчилар.
Хўш, 24 соат хизмат қилган ходимнинг дам олишга ҳаққи йўқми? Хизмат таътили учун пул ёки объект талаб қилишга ким ҳуқуқ берган?
Мурожаатчилар юқори турувчи раҳбариятдан ҳолатни холис текширишни ва қонуний чора кўришни сўрашмоқда. Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси масъулларидан расмий муносабат кутамиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг