НАВОИЙДА ТОЗА ҲАВО МУАММОСИ ДОЛЗАРБЛИГИЧА ҚОЛМОҚДА
Навоий саноат маркази сифатида ривожланаётган бир пайтда, ҳаво ифлосланиши ва унинг аҳоли саломатлигига таъсири ҳақидаги саволлар очиқ қолмоқда. Мақолада лаборатория натижалари, касалланишнинг ўсиши ва назорат тизимидаги муаммолар таҳлил қилинади.
Навоий вилояти мамлакатнинг йирик саноат марказларидан бири. Бу ерда ишлаб чиқариш кенгаймоқда, янги корхоналар ишга туширилмоқда, иқтисодий салоҳият ортмоқда. Бироқ тараққиётнинг кўзга кўринмайдиган, аммо инсон ҳаётига бевосита таъсир қиладиган яна бир томони бор: атмосфера ҳавосининг ифлосланиши. Бугун навоийликларни саноат ривожидан кўра, унинг оқибатлари кўпроқ ташвишга солмоқда. Чунки тоза ҳаво шунчаки экологик масала эмас, балки инсоннинг яшаш ҳуқуқи, болаларнинг келажаги ва жамият саломатлиги билан боғлиқ ҳаётий муаммодир.
Расмий лаборатория текширувлари ҳам бу хавотирлар асоссиз эмаслигини кўрсатмоқда. Хусусан, 2025-йил 19-июл куни “Навоиязот” АЖ атрофида ўтказилган таҳлилларда аммиак миқдори белгиланган меъёрдан 1,4 баравар, водород сулфиди эса 16,8 баравар юқори экани аниқланган. Шаҳарнинг 11 та нуқтасида олиб борилган кўчма лаборатория текширувларида олтингугурт диоксиди меъёрдан 1,86 баравар, аммиак эса 1,43 баравар ошгани қайд этилган. Бундан ташқари, 2025-йил 31-июл куни экологик вазиятни ўрганиш давомида 20 дан ортиқ корхона фаолияти вақтинча тўхтатилган. Бу рақамлар саноат чиқиндилари устидан назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Аммо асосий савол очиқ қолмоқда: корхоналар фаолияти қайта йўлга қўйилгач, экологик талаблар қай даражада бажарилмоқда?
Ҳаво ифлосланишининг инсон саломатлигига таъсири эса халқаро миқёсда ҳам жиддий муаммо сифатида эътироф этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ташқи ва маиший ҳаво ифлосланиши дунё бўйича йилига қарийб 6,7 миллион муддатидан олдинги ўлим билан боғлиқ. Зарарли майда заррачалар юрак-қон томир, нафас йўллари касалликлари, инсулт ва ўпка саратони хавфини оширади. Навоий вилоятидаги статистик кўрсаткичлар ҳам эътиборни тортади: юқори ва қуйи нафас йўлларининг ўткир инфекциялари билан касалланиш ҳолатлари 2024-йилдаги 26 264 тадан 2025-йилда 32 670 тага етган. Бу қарийб 24,4 фоизлик ўсишдир. Албатта, ушбу касалликларнинг барчасини ҳаво ифлосланиши билан боғлаш тўғри эмас. Бироқ бундай ўсиш экологик ва тиббий омилларни биргаликда ўрганиш зарурлигини англатади.
Айниқса, болалар, ёшлар ва ҳомиладор аёллар саломатлиги масаласи алоҳида эътибор талаб қилади. Репродуктив саломатлик, бепуштлик, ҳомиладорлик асоратлари ва эрта ўлим билан боғлиқ хавотирлар жамоатчиликни бефарқ қолдирмаслиги керак. Ҳозирча Навоийда айнан ҳаво ифлосланиши сабабли қанча инсон вафот этгани ёки бепуштлик ҳолатлари қанчага ошгани ҳақида сабаб-оқибат боғлиқлигини тасдиқловчи очиқ статистик маълумотлар мавжуд эмас. Бу эса муаммо йўқ дегани эмас. Аксинча, ҳудудда чуқур эпидемиологик тадқиқотлар ўтказиш, касалланиш ва ўлим кўрсаткичларини экологик мониторинг натижалари билан солиштириш зарурлигини кўрсатади. Зеро, инсон саломатлиги билан боғлиқ хавотирлар тахминлар эмас, аниқ илмий далиллар асосида ўрганилиши лозим.
Экологик вазиятни баҳолашда бошқа кўрсаткичларга ҳам эътибор қаратиш керак. ЭcоЕду платформаси маълумотларида Навоий шаҳрининг йиллик ўртача АҚИ кўрсаткичи 2023-йилда 66, 2024-йилда 68, 2025-йилда эса 65 бўлган. Демак, ҳавонинг ҳар йили узлуксиз ёмонлашгани ушбу рақамлар билан тасдиқланмайди. 2026-йил март ойида эълон қилинган маълумотларга кўра, 2025-йилда вилоят бўйича атмосферага чиқарилган ифлослантирувчи моддалар ҳажми 2024-йилга нисбатан 2,1 фоизга камайган. Бу ижобий натижа, бироқ айрим кунларда муайян ҳудудларда зарарли моддалар концентрацияси кескин ошиши эҳтимолини инкор этмайди. Сенат ва вилоят Кенгашининг қўшма мажлисида автоматик мониторинг стансияларининг электрон платформага тўлиқ интеграция қилинмагани ҳамда айрим корхоналарда экологик талаблар бузилаётгани танқид қилингани эса назорат тизимида ҳали ечимини кутаётган масалалар борлигини кўрсатади.
Энди масаланинг ечими ҳақида жиддий ўйлаш вақти келди. Навоийда йирик саноат корхоналари чиқиндиларини реал вақт режимида кузатиш, ПМ2.5, ПМ10, аммиак, водород сулфиди ва олтингугурт диоксидини ўлчайдиган автоматик стансиялар сонини кўпайтириш, мониторинг натижаларини аҳолига очиқ эълон қилиш зарур. Шу билан бирга, нафас йўллари, онкологик ва репродуктив саломатлик бўйича ҳудудлар кесимида мустақил тиббий тадқиқотлар ўтказилиши лозим. Саноат корхоналари ишлаши, иқтисодиёт ривожланиши керак. Аммо бу жараён инсон саломатлиги ҳисобига бўлмаслиги шарт. Навоий аҳолиси бугун баландпарвоз ваъдаларни эмас, тоза ҳавони, аниқ рақамларни, шаффоф экологик назоратни ва амалий натижаларни кутмоқда. Зеро, заводларни қуриш мумкин, ишлаб чиқаришни кенгайтириш мумкин, аммо йўқотилган саломатликни қайтариш ҳар доим ҳам мумкин эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг