Элтузарда Наманган вилоятида тадбиркор Аҳад Игамбердиевга ажратилгани айтилган 50 гектар ернинг қисмларга бўлиб сотилгани ҳақида мақола эълон қилингач, таҳририятга янги маълумотлар келиб тушди. Манбанинг иддаосига кўра, мақоладан сўнг ер олди-сотдиси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан суриштирув ўтказилган ва айрим ер участкаларининг ҳужжатларини шошилинч тартибда «тозалаш» ҳаракатлари бошланган.

28 октябрь куни Элтузарда «Наманганда 50 гектар ер сотиб юборилдими?» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда тадбиркор Аҳад Игамбердиевга ҳокимлик томонидан ажратилгани айтилган ер майдонлари кейинчалик бўлиб сотилгани ҳақидаги мурожаат ёритилган.

Эндиликда таҳририятга келган янги хабарда мазкур мақола маҳаллий мутасаддилар орасида ҳаракат бошланишига сабаб бўлгани иддао қилинмоқда.

Манбанинг даъво қилишича, ер участкаларига оид ҳужжатларни тартибга келтириш бўйича топшириқ бевосита Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовдан келган. Унинг айтишича, ҳоким бу масала билан шуғулланишни Аҳад Игамбердиевнинг ўзига топширган.

Мурожаатда яна бир жиддий иддао илгари сурилган. Унга кўра, ер участкалари ўз номига расмийлаштирилган шахсларга, агар текширувчилар ерни кимдан сотиб олганини сўраса, Аҳад Игамбердиевнинг эмас, бошқа кишиларнинг исмини айтиш тавсия қилинган.

Бу маълумотлар ҳозирча мустақил тасдиқланган эмас. Хусусан, бундай топшириқ берилганини кўрсатувчи ҳужжат ёки бошқа далил таҳририят ихтиёрида мавжуд эмас.

Манба ер олди-сотдиси масаласи юзасидан айрим шахслар келиб суриштирув ўтказганини ҳам билдирган. Бироқ улар қайси давлат идорасидан экани, расмий текширув бошланган-бошланмагани ва унинг ҳуқуқий мақоми ҳозирча номаълум.

«Аҳад яшайдиган маҳаллада ҳамма шу ҳақда гапиряпти. У сотган ерлар текширилаётгани, ҳужжатлар тозаланаётгани ва унинг исмини тилга олмаслик буюрилгани ҳақида гаплар тарқалган», дейди таҳририятга маълумот йўллаган фуқаро.

Мурожаат муаллифи ер участкалари катта майдонни ташкил этиши ва уларнинг қиймати ҳам салмоқли бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, агар ерлар дастлаб ҳокимлик қарори билан ажратилган ва кейин бошқа шахсларга сотилган бўлса, бу жараённинг қонунийлиги очиқ текширилиши керак.

«Мен оддий фуқароман. Ҳокимликдан ер сўрасам, аукциондан олишим кераклигини айтишади. Лекин айрим одамларга гектарлаб ер ажратилиб, кейин улар сотилса, ҳужжатларини тўғрилаб, ҳеч нарса бўлмагандек юраверишадими?» дея савол қўяди мурожаатчи.

Ўзбекистон Ер кодексига кўра, тадбиркорлик ва қурилиш мақсадларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини беришда, қонунда назарда тутилган истиснолардан ташқари, электрон онлайн-аукцион тартиби қўлланади.

Шу сабабли мурожаатда тилга олинган ерларнинг дастлаб кимга, қачон, қандай қарор асосида ва қайси ҳуқуқ билан ажратилгани, кейинчалик бошқа шахсларга қандай ўтказилгани муҳим аҳамиятга эга.

Мурожаат муаллифи Наманган вилояти прокуратураси ва бошқа ваколатли органларни ушбу ҳолатларни холис ўрганишга чақирган. У ер участкаларига доир кадастр маълумотлари, ҳокимлик қарорлари, олди-сотди шартномалари ва молиявий операциялар текширилиши лозимлигини таъкидлаган.

Бу воқеада жавобсиз қолаётган асосий саволлар бор: Аҳад Игамбердиевга қанча ер ажратилган? Уларнинг қанчаси бошқа шахслар номига ўтган? Бу жараёнлар қонуний амалга оширилганми? Агар текширув бошланган бўлса, уни қайси идора ўтказмоқда ва натижалари жамоатчиликка маълум қилинадими?

Шунингдек, ер ҳужжатларини «тозалаш» ҳақидаги иддаоларнинг ўзи ҳам алоҳида текширувни талаб қилади. Чунки қонуний камчиликларни бартараф этиш билан эҳтимолий қонунбузарлик изларини яшириш мутлақо бошқа-бошқа ҳолатлардир.

Ҳозирча Аҳад Игамбердиевга нисбатан расмий тергов бошлангани ёки унинг бирор қонунбузарлик содир этгани ҳақида тасдиқланган маълумот йўқ. Шавкатжон Абдураззоқов томонидан ҳужжатларни ўзгартириш ёки муайян шахсларнинг исмини яшириш ҳақида топшириқ берилгани ҳам исботланмаган.

Элтузар Наманган вилояти ҳокимлиги, прокуратура, кадастр идоралари ва тадбиркор Аҳад Игамбердиевни мазкур иддаоларга муносабат билдиришга чақиради. Таҳририят барча томонларнинг жавобларини эълон қилишга тайёр.

Мурожаат муаллифи эса ўз хати якунида битта саволни ўртага ташлаган: «Президент таъкидлаётган адолат ва қонун устуворлиги оддий фуқаролар билан катта имкониятларга эга тадбиркорларга бир хил татбиқ этиладими?»