(АНОНИМ МУРОЖААТДА РАҲБАРЛАРГА ЖИДДИЙ САВОЛЛАР)

Элтузарга Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги кадрлар сиёсати, кўрсатувларга ажратилган маблағлар тақсимоти ва ходимларга муносабат юзасидан аноним мурожаат келиб тушди. Муаллиф айрим раҳбарларга алоҳида имтиёзлар берилаётгани, молиявий қарорлар етарлича шаффоф эмаслиги ва эътироз билдирган ходимлар босимга учраётганини даъво қилмоқда.

Мурожаатда «Дунё бўйлаб» телеканали бош муҳаррири Дилфуза Мадаминова ҳамда бош муҳаррир Шаҳло Пазлетдинова фаолиятига доир саволлар кўтарилган. Шунингдек, Мадамин Сафаров МТРКдан кетганидан кейин ҳам унинг кадрлар ва бошқарув қарорларига таъсири сақланиб қолгани ҳақида иддао билдирилган.

Қуйидаги даъволар Элтузар томонидан мустақил тасдиқланмаган. Уларнинг асослилигига баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар, аудит хулосалари ва тилга олинган томонларнинг изоҳлари зарур. Элтузар МТРК ҳамда мурожаатда номи келтирилган шахсларнинг жавоб ва тушунтиришларини эълон қилишга тайёр.

Қуйида мурожаатни имло ва услуб жиҳатидан таҳрирланган ҳолда тақдим этамиз.

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ТЕЛЕРАДИОКОМПАНИЯСИ РАҲБАРИЯТИГА ВА МАСЪУЛ ТАШКИЛОТЛАРГА

Мадамин Сафаров МТРКдан кетган бўлса-да, унинг даврида шаклланган алоқалар ва унга яқин бўлган айрим кадрларнинг таъсири сақланиб қолган, деб ҳисоблайман. Бу борадаги эътирозлар «Ўзбекистон тарихи», «Дунё бўйлаб» ва «Ўзбекистон 24» телеканалларидаги кадрлар сиёсатига ҳам тааллуқли.

Хусусан, «Дунё бўйлаб» телеканали бош муҳаррири Дилфуза Мадаминованинг мазкур лавозимга тайинланиши юзасидан саволлар бор. Мендаги маълумотларга кўра, у аввал «Ўзбекистон 24» телеканалидан четлаштирилган, кейинчалик эса Сафаровнинг тавсияси билан «Дунё бўйлаб» телеканалида бош муҳаррир лавозимини эгаллаган. Ушбу тайинлов қандай касбий мезонларга асослангани ва номзоднинг фаолияти қандай баҳоланганига аниқлик киритилишини сўрайман.

Асосий эътирозлардан бири кўрсатувларга ажратилган маблағларни тақсимлаш билан боғлиқ. Таҳририятларда бу маблағлар бош муҳаррирларнинг ихтиёрига кўра тақсимланаётгани ҳақида норозиликлар мавжуд. Аслида, тўловлар кўрсатувнинг ҳажми, мураккаблиги, ижодий меҳнат сарфи ва ҳар бир ходимнинг ҳиссаси каби аниқ мезонларга асосланиши керак.

Мендаги маълумотларга кўра, ходимларнинг норозилигидан сўнг аудит текшируви ўтказилган. Унда айрим раҳбарларнинг маблағлардан фойдаланишига баҳо берилган ва муайян ҳолатларда маблағларни қайтариш бўйича кўрсатмалар ҳам берилган.

Бироқ Дилфуза Мадаминова фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича қандай хулоса чиқарилгани ва қандай чоралар кўрилгани бизга маълум эмас. Сафаровнинг аралашуви қарорларга таъсир қилган бўлиши мумкин, деган шубҳалар бор. Бу шубҳаларга ойдинлик киритиш учун аудитнинг тегишли хулосалари ва уларнинг ижроси ҳақида тушунтириш берилиши зарур.

Яқиндаги аттестация жараёнидан кейин Мадаминова аввал тўхтатилган айрим кўрсатувларини қисқа вақт ичида қайта тиклагани ҳам савол туғдирмоқда. Мен бу жараёнда ҳам Сафаровнинг кўмаги бўлган, деб ҳисоблайман, аммо мазкур ҳолатнинг холис ўрганилишини сўрайман.

Айрим кўрсатувлар бошқа номлар билан қайта ташкил этилган. Агар улар таҳририят йўналишига мос келмагани учун тўхтатилган бўлса, мазмуни ва шакли деярли ўзгармаган ҳолда қайси мезонлар асосида қайта эфирга қайтарилган? Барча ижодий жамоаларга бир хил талаблар қўлланиляптими ёки айрим ходимларга алоҳида имкониятлар берилмоқдами?

Шунингдек, Мадаминованинг қарорларига эътироз билдирган айрим ходимлар кейинчалик таҳририятдан узоқлаштирилгани ҳақида маълумотлар бор. Уларнинг ишдан кетиши ёки четлаштирилишига қандай асослар бўлгани, бу қарорлар билдирилган танқидларга боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги ўрганилиши керак.

Кўрсатувлар учун ажратилган маблағлар тақсимотига доир эътирозлар эса ҳануз ҳал этилмаган. Ҳар бир лойиҳа учун тўлов миқдорини ким белгилайди? Муаллиф, муҳаррир ва бошқа ижодий ходимлар ўртасида маблағ қандай тақсимланади? Бу қарорларни ким назорат қилади? Ходим ўз меҳнати учун ҳисобланган тўловнинг асосларини кўра оладими?

Бундан ташқари, кўрсатувларга ҳақ ҳисоблашда эскирган тарифлар қўлланилаётганидан ҳам норозимиз. Тарифларнинг ҳозирги меҳнат ҳажми ва шароитига мувофиқлиги қайта кўриб чиқилиши зарур.

Телеканал фаолиятида рус ва ўзбек тилларидаги кўрсатувларни ташкил этишдаги фарқлар ҳам эътибор талаб қилади. Рус тилидаги кўрсатувларни бирлаштирувчи ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи таҳририят мавжуд. Ўзбек тилидаги кўрсатувлар учун эса худди шундай ягона мувофиқлаштирувчи таҳририят ва уларнинг ривожланишига масъул бош муҳаррир йўқлиги муаммо туғдирмоқда.

Ўзбек тилида ижод қилаётган муаллифлар ва жамоаларнинг лойиҳаларини ривожлантиришга ким масъул? Уларнинг меҳнати ва манфаатларини ким ҳимоя қилади? Мазкур кўрсатувларга маблағ ажратишда қандай мезонлар қўлланилади?

Давлат телеканалида ҳар икки тилдаги ижодий лойиҳалар учун адолатли ташкилий шароит ва шаффоф молиявий тақсимот таъминланиши лозим. Мавжуд фарқларнинг сабаблари ҳам холис ўрганилишини сўрайман.

Бош муҳаррир Шаҳло Пазлетдинова раҳбарлик қилаётган таҳририятдаги маблағлар тақсимоти юзасидан ҳам эътирозлар мавжуд. Хусусан, айрим кўрсатувлар учун ажратилган маблағлардан унинг ўзига, турмуш ўртоғига ва қизига тўловлар белгиланаётгани ҳақида шикоятлар билдирилган.

Бу тўловлар қайси ишлар учун, қандай ҳужжатлар ва мезонлар асосида амалга оширилгани текширилишини сўрайман. Шунингдек, уларни белгилаш ва тасдиқлашда кимлар иштирок этгани, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тартибларига риоя қилингани ёки қилинмаганига аниқлик киритилиши зарур.

МТРК каби йирик давлат телерадиокомпаниясида раҳбарлик қарорлари касбий маҳорат, холислик ва масъулиятга асосланиши керак. Кўрсатувларга ажратилган маблағлар эса аниқ, тушунарли ва барча учун бир хил мезонлар бўйича тақсимланиши шарт.

Мурожаатимдан мақсад муайян шахсларни асоссиз айблаш эмас. Кўтарилган масалалар ҳужжатлар асосида текширилиши, ходимларнинг эътирозлари эшитилиши ва натижалар юзасидан асосланган жавоб берилишини сўрайман.

Мурожаат муаллифи: аноним.