МТРКДА «ҲАЙКАЛ» ЖАНГИ
МТРК атрофидаги баҳслар авжида: бир мактубда Мадамин Сафаров «қаҳрамон» сифатида мақталса, иккинчиси уни гуруҳбозлик, адолатсиз гонорар тақсимоти ва коррупцияга оид иддаоларда айбламоқда. Элтузар бу даъволарни мустақил тасдиқламаган.
14 июль куни Элтузарда ўзини «Ўзбекистон 24» телеканали ходими ва Мадамин Сафаровнинг шогирди деб таништирган шахснинг мактуби эълон қилинган эди. Орадан ўн кун ўтиб, таҳририятга ўзларини МТРК ходимлари деб таништирган шахслардан аввалги мурожаатга раддия мазмунидаги яна бир мактуб келди.
Биринчи мактуб муаллифи Мадамин Сафаровни «чинакам ватанпарвар», «буюк инсон» ва МТРКдаги асосий масъулиятни елкасига олган раҳбар сифатида тасвирлаганди. У Сафаровга нисбатан гуруҳбозлик, гонорарларни адолатсиз тақсимлаш ва коррупцияга доир танқидларни «туҳмат» деб атаб, Президент администрацияси унга ҳайкал қўйиши кераклигини ёзган эди.
Мактубда Сафаров тузган жамоада Қашқадарё ва Сурхондарёдан келган ходимлар кўплиги инкор этилмаган, аммо бу ҳолат вазифаларни бажариш учун кучли команда тузиш билан изоҳланган. Танқид билдирган ходимлар эса «дангаса» ва «алжираётганлар» деб таърифланган.
Энди таҳририятга келган иккинчи мактубда бу таърифларга мутлақо қарама-қарши фикрлар билдирилмоқда.
«Энг яхши мутахассислар бир гуруҳ ихтиёрига берилган»
Янги мурожаат муаллифи Мадамин Сафаров ва Шунқор Чориев билан «Ёшлар» телеканалида бирга ишлаганини айтиб, ўша даврда энг яхши оператор ва монтажчилар муайян ижодий гуруҳ атрофига жамланганини иддао қилмоқда.
Унинг ёзишича, бошқа ходимларга оддий ва кам эътиборли мавзулар берилган бир пайтда, катта гонорар тўланадиган ток-шоу ва пулли кўрсатувлар сараланган жамоа томонидан тайёрланган.
Мурожаатда, хусусан, «Ёшлар пресс-клуби» кўрсатуви тилга олинади. Муаллиф ушбу лойиҳага бошқа ижодкорлар яқинлаштирилмагани, бунинг сабаби эса яхши гонорар ва ўша пайтдаги Ёшлар иттифоқи раҳбариятига яқинлашиш истаги бўлганини даъво қилган.
Шунингдек, Шунқор Чориевга хизмат автомобили ажратилгани ва машина уни Қибрайдан ишга олиб келиб, яна уйига қайтаргани айтилмоқда.
Қиммат автомобиллар ва даромадлар ҳақида саволлар
Иккинчи мактубда Шунқор Чориевнинг Chevrolet Traverse ва BYD Song Plus русумли икки кроссоверга эгалиги иддао қилинган.
Мурожаат муаллифи Чориев ойига 20 миллион сўм маош олишини айтиб юриши, бироқ бундай даромад билан икки қиммат автомобиль ва Тошкентдан уй харид қилиш имконияти қандай пайдо бўлгани юзасидан савол қўйган.
Мактубда унинг оила аъзолари ва қариндошларининг моддий имкониятлари ҳақида ҳам бир қатор маълумотлар келтирилган. Бироқ таҳририят шахсий ҳаётга дахл қилувчи ва ҳужжатлар билан тасдиқланмаган бу тафсилотларни тўлиқ эълон қилмасликни маъқул кўрди.
Муаллиф МТРК раҳбарияти истаса, телеканал ҳудудидаги кузатув камералари орқали автомобиллар ҳақидаги маълумотларни текшириши мумкинлигини билдирган.
«Танкалари юқори лавозимдаги шахслар эди»
Мурожаатда ушбу гуруҳнинг ортида собиқ юқори лавозимли амалдор Зайнилоббидин Низомиддинов ва журналист Олим Тошбоев тургани ҳақида МТРКда гап-сўзлар бўлгани ҳам қайд этилган.
Шунқор Чориев Мадамин Сафаровнинг жамоасига Олим Тошбоевнинг илтимоси билан қабул қилингани айтилмоқда. Шу билан бирга, Сафаров ва унинг атрофидаги айрим шахслар ўртасида қариндошлик алоқалари бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тасдиқланмаган гаплар ҳам келтирилган.
Бу маълумотлар бўйича таҳририятда ҳозирча мустақил тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас.
«Даромад келтирадиган кўрсатувларни эгаллаб олишган»
Мактуб муаллифининг иддаосига кўра, Мадамин Сафаров жамоаси «Ёшлар» телеканалига келгач, пул ва катта гонорар келтириши мумкин бўлган кўрсатувларни ўз назоратига олган.
Кейинчалик ушбу гуруҳ «Ўзбекистон 24» телеканалига ўтган. Мурожаатда уларнинг дастлабки ишларидан бири таниқли журналист Мавжуда Мирзаеванинг кўрсатувини ёптириш бўлгани айтилмоқда.
Муаллифнинг таъкидлашича, бир муддатдан сўнг шунга ўхшаш форматда — туман ҳокимлари билан ҳудудлар имкониятларини ёритишга мўлжалланган «Ислоҳотлар амалда» кўрсатуви ташкил этилган.
Мактубда туман ҳокимликлари ушбу ижодий гуруҳ учун даромад манбаига айлангани ҳақида жиддий иддао билдирилган. Аммо бу даъвони тасдиқловчи шартномалар, тўлов ҳужжатлари ёки бошқа далиллар таҳририятга тақдим этилмаган.
Ҳудудчилик ва гонорарлар тақсимоти
Янги мурожаатда «Ўзбекистон 24» телеканалида Қашқадарёдан келган ходимларга яхшироқ лавозимлар берилгани, бошқа ҳудуд вакиллари эса оддий вазифаларда қолдирилгани иддао қилинмоқда.
Айрим ходимларга ойига 4–5 миллион сўмгача гонорар тўланаётгани, бошқалар эса бундай имкониятдан маҳрум экани айтилган.
Мурожаат муаллифи МТРК раиси ижтимоий адолат ҳақида кўп гапиргани, аммо амалда гонорарлар, лавозимлар ва ижодий имкониятларни тақсимлашда тенглик таъминланмаётганини таъкидлаган.
Бу фикр аввалги мактубдаги «кўп ишлаган кўп олади, дангасалар кам олади» деган даъвога тўғридан-тўғри раддия сифатида келтирилмоқда.
«Ҳайкал қўйишни истаганлар кўпи билан 15 киши»
Биринчи мактуб муаллифи Президент администрациясини Мадамин Сафаровга ҳайкал қўйишга чақирган эди.
Иккинчи мактубда эса бу таклиф киноя билан рад этилган. Муаллифнинг фикрича, МТРКда минглаб ходим ишласа-да, Сафаровга ҳайкал қўйишни истайдиганлар «кўпи билан 15 киши» бўлиши мумкин.
У ҳатто коррупция гумонларини англатувчи доллар рамзли ҳайкал ҳақида ёзган, Шунқор Чориевни эса Дон Кихот асаридаги Санчо Панса образига қиёслаган.
Биринчи мактубда Мадамин Сафаров МТРКни елкасида кўтариб турган қаҳрамон сифатида тасвирланган бўлса, иккинчи мурожаатда у гуруҳбозлик, манфаатлар тўқнашуви ва маблағларни адолатсиз тақсимлашда айбланмоқда.
Шундай қилиб, МТРК ичида бир раҳбар ва унинг жамоаси ҳақида кескин қарама-қарши икки манзара пайдо бўлди: бир томон уларни тизимни сақлаб турган «қаҳрамонлар» деб билса, иккинчи томон айнан шу гуруҳни телеканаллардаги адолатсизлик ва таназзул сабабчиларидан бири сифатида кўрсатмоқда.
Элтузар иккинчи мактубдаги коррупция, мол-мулк, қариндош-уруғчилик, хизмат ваколатларидан фойдаланиш ва гонорарлар тақсимотига доир даъволарни ҳозирча мустақил равишда тасдиқлагани йўқ.
Таҳририят Мадамин Сафаров, Шунқор Чориев, МТРК раҳбарияти ва мақолада номи тилга олинган бошқа шахсларни ушбу иддаолар юзасидан муносабат билдиришга тайёрлигини маълум қилади. Уларнинг жавоблари таҳрирсиз ёки зарур журналистик изоҳлар билан эълон қилинади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг