Қашқадарё вилояти Миришкор туманида мактабга ўқитувчи қилиб ишга қабул қилиш эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилган директор беш йилга озодликдан маҳрум этилди.

Жиноят ишлари бўйича Миришкор туман судининг ҳукмига кўра, 30-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди – таъмагирлик йўли билан пора олишда айбли деб топилган.

Суд ҳужжатида қайд этилишича, Қарши давлат университетининг физика йўналишида таҳсил олаётган 4-босқич талабаси иш излаб, 2026 йил 22 апрель куни Миришкор туманидаги 30-сонли мактабга мурожаат қилган.

Ҳукмга кўра, мактаб директори талабани физика фани ўқитувчиси сифатида ишга қабул қилиш ва келгусидаги фаолиятига «раҳнамолик қилиш» эвазига ундан 500 АҚШ доллари талаб қилган.

Талаба директорнинг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб ҳисоблаб, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Миришкор туман бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган. У директор билан бўлиб ўтган суҳбат ёзувини ҳам тақдим этган.

2026 йил 23 апрель куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Департаментнинг махсус фондидан ажратилган 6 миллион сўмга кимёвий ишлов берилиб, айрим купюраларга махсус қалам билан «Пора-2026» ёзуви туширилган.

Суд материалларига кўра, директор пулни мактабдаги хизмат хонасида олган. Тезкор ходимлар яқинлашаётганини кўргач, у мактаб ҳудудидан қочишга уринган ва 6 миллион сўмни ҳовлидаги бедазорга ташлаб юборган.

Ходимлар уни тахминан 200 метр масофада ушлаган. Кейинчалик пуллар директор қочган йўналишдаги бедазордан топилган.

Суд-кимёвий экспертизаси директорнинг икки қўлидан олинган суртмаларда махсус кимёвий кукун излари мавжудлигини тасдиқлаган. Пуллардаги кукун ва «Пора-2026» ёзуви тезкор тадбирда фойдаланилган намуналар билан бир хил экани аниқланган.

Мактаб директори судда айбловга қисман иқрор бўлган. У талабадан пул олганини ва уни ишга қабул қилмоқчи бўлганини тан олган, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик сўраган.

Суд унинг муқаддам судланмагани, айбига иқрор бўлгани, пушаймонлиги ва пенсия ёшида эканини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаган. Жиноятнинг ғаразли ниятда содир этилгани эса оғирлаштирувчи ҳолат деб топилган.

Суд мактаб директорини икки йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, беш йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди.

Директор қамағда.