Элтузарга йўлланган мурожаатга кўра, миллий сертификат имтиҳонларига тегишли деб тақдим этилаётган саволлар «Х вариант» номи билан пулга сотилмоқда. Мурожаат муаллифи Фарғона водийсида тарих фанидан бундай саволлар тўплами 500 доллардан таклиф қилинаётганини, Хоразмда эса талабгорлардан 1 миллион сўмдан йиғилаётганини даъво қилган.

Хат муаллифи Хоразмдаги ҳолатга Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг (БМБА) ҳудудий бўлими ходимлари ва айрим репетиторларнинг алоқаси борлигини иддао қилган. Унинг айтишича, талабгорларга саволлар ёдлатилмоқда ва «100 фоиз кафолат» ваъдаси билан пул йиғилмоқда.

Мурожаатда саволлар тўпламининг нусхаси ёки тўловни тасдиқловчи далил келтирилмаган. Сотувга чиқарилгани айтилган саволларнинг имтиҳонда қўлланадиган тестларга алоқаси тасдиқланмаган. БМБАнинг мурожаатдаги даъволарга муносабати ҳозирча маълум эмас.

Мурожаат муаллифи имтиҳонлар яқинлашаётганини таъкидлаб, вазирдан ушбу даъволарни текширишни ҳамда агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолияти устидан назоратни кучайтиришни сўраган.