МАРКАЗИЙ БАНК ИСЛОМИЙ МОЛИЯ КЕНГАШИНИ ТАШКИЛ ЭТДИ
Марказий банк исломий молия фаолиятини мувофиқлаштириш учун 5 нафар экспертдан иборат Исломий молия кенгашини тузди. У банклар ва микромолия ташкилотларининг исломий молия амалиётини тартибга солиш бўйича тавсия ва хулосалар беради.
Марказий банкда Исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг исломий молия кенгаши ташкил этилди.
Кенгаш исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар, исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатувчи микромолия ташкилотлари, Омонатларни кафолатлаш агентлиги ҳамда Марказий банк назорати остидаги бошқа ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг коллегиал органи ҳисобланади.
Кенгаш таркиби Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис ва техник эксперт бўлган 5 нафар аъзодан иборат.
Кенгаш асломий молия стандартлари лойиҳаларини исломий молия бўйича халқаро стандартлар ва маҳаллий контекстни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқади.
Марказий банкка исломий молия фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш масалалари юзасидан хулоса ва маслаҳатлар беради, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда кўмаклашади, соҳада юзага келадиган низолар ҳамда баҳсли масалалар бўйича тушунтириш ва изоҳлар беради.
Банклар ва микромолия ташкилотларига исломий молия фаолияти билан боғлиқ тавсиялар ва кўрсатмалар беради, улар билан даврий маслаҳат учрашувларини ўтказади.
ААОИФИнинг йиғилишларида Марказий банк номидан қатнашади ва зарур ҳолларда ААОИФИ томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар лойиҳаларига ўз таклифлари ва муносабатларини тақдим этади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг