(2-ҚИСМ)

Мактабларнинг пуллик дарсларидан тушган маблағнинг 5–15 фоизи туман таълим бўлими ҳисобчилари томонидан талаб қилинаётгани айтилмоқда. Элтузарга йўлланган навбатдаги мурожаатда ўқитувчилар бу пул ўтказилмаса, уларга тегишли иш ҳақи кечикишини билдирган. Мурожаат муаллифлари ўтказмаларни ғазначилик ҳужжатлари орқали текширишни сўрамоқда.

Элтузар аввалги хабарда пуллик дарслар тушумидан ҳисобчиларга улуш ажратилаётгани ҳақидаги шикоятни ёритган эди. Навбатдаги мурожаатда эса аниқ савол қўйилган. Мактабдан фоиз сўралган бўлса, у қайси ҳужжат асосида ва қайси ҳисобвараққа ўтказилган?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 апрелдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, пуллик дарслар учун тўлов банк орқали мактабнинг ғазначилик ҳисобварағига тушади. Низомнинг 8-бандида тушумнинг камида 50 фоизи дарсга жалб этилган ўқитувчиларга ҳақ тўлашга йўналтирилиши мумкинлиги кўрсатилган. Ўқитувчилар ҳақи, солиқ ва йиғимлар ҳамда машғулотларни ташкил этиш харажатлари қоплангач, қолган маблағ кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда мактаб раҳбарлари ва педагогларини рағбатлантириш ҳамда бошқа харажатларга йўналтирилади. Бу бандларда туман бўлими ҳисобчисига шахсан фоиз ажратиш назарда тутилмаган. lex.uz

2021 йил 27 апрелдаги 243-сон қарор билан тасдиқланган низомда қўшимча таълимдан олинган даромад бюджетдан ташқари жамғарма манбаларидан бири сифатида кўрсатилган. Низомнинг 9-бандига кўра, туман ва шаҳар даражасидаги муассасаларнинг тегишли жамғарма тушумларидан 2 фоиз ҳудудий таълим бошқармаси жамғармасига, 3 фоиз туман ёки шаҳар таълим бўлими ҳузуридаги ходимларни рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади. Демак, ушбу банддаги 5 фоиз икки жамғарма ўртасида тақсимланади. Шикоятда айтилган ўтказмалар шу тартибга мос келган-келмаганини тўлов топшириқномалари ва ғазначилик кўчирмалари орқали аниқлаш мумкин.

Меҳнат кодексининг 253-моддаси ходим иш ҳақининг миқдори ва ўз вақтида тўланишини бошқа тўловларга ёки уларнинг навбатига боғлашни тақиқлайди. Агар ўқитувчига ҳисобланган иш ҳақи мактабдан фоиз ўтказилишини кутиб ушлаб турилгани тасдиқланса, бу ҳолатга мазкур модда асосида баҳо бериш учун асос бор. Агар тўловга масъул ходим хизмат мавқеидан шахсий наф олиш учун фойдалангани аниқланса, ҳолат коррупцияга қарши қонунчилик доирасида ҳам текширилиши мумкин.

Мурожаат муаллифлари Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Таълим ва илм-фан вазирлигидан мактаблардан чиққан ўтказмаларни текширишни, 2 ва 3 фоизлик ажратмалар тегишли жамғармаларга тушган-тушмаганини ҳамда кейин кимга ва қайси асосда тўланганини аниқлашни сўрамоқда. Улар асоссиз ундирув тасдиқланса, маблағларни мактаблар ва ўқитувчиларга қайтариш ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.