Германияда Лейпциг аэропорти яқинидан портловчи қурилма ўрнатилган дрон топилгани борасидаги тергов давом этмоқда. Терговчилар ушбу ҳодисага алоқадор икки гумонланувчининг шахсини аниқлашди.

Süddeutsche Zeitung, NDR ва WDR нашрлари хабар беришича, гумонланувчилардан бири Россия келиб чиқишига эга, Латвия фуқароси бўлган эркак. Иккинчиси эса беларусялик ва Россия паспортига эга.

Тергов биринчи гумонланувчини операцияни мувофиқлаштирган шахс деб ҳисобламоқда. У Россия разведкаси билан алоқадор бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, ҳар икки гумонланувчи ҳам Германияни тарк этган. Ҳодиса 4 августдан 5 августга ўтар кечаси содир бўлган. Аэропортнинг учиш-қўниш йўлакларидан бири яқинидан портловчи қурилма ўрнатилган дрон топилди. Мутахассислар уни махсус сапёр-робот ёрдамида зарарсизлантирди.

Германия расмийлари ҳодиса ортида Россия турган бўлиши мумкинлигини билдирдм. Ички ишлар вазири Александр Добриндт терговда Россия давлат органлари номидан ҳаракат қилган шахсларга ишора қилувчи маълумотлар борлигини қайд этди. Москва бу айбловларни рад этиб ҳодисани «провокация» деб атаяпти. Ҳозирда воқеа бўйича тергов давом этмоқда.