Корея Республикасига ишга юборишни ваъда қилиб, фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилган шахснинг фирибгарлик ҳаракатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нурафшон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида муқаддам судланган фуқаро М.А. икки нафар фуқарони Корея Республикасига ишга жўнатишни ваъда қилгани маълум бўлди.

У мазкур хизмат эвазига улардан жами 15 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган.

Тергов жараёнида гумонланувчидан пул маблағларининг бир қисми қайтарилди.

Хусусан, 100 АҚШ доллари ҳамда 22,8 миллион сўм процессуал тартибда расмийлаштирилиб, жабрланувчиларга қайтарилган.

Айни вақтда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мутасадди идоралар фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш хизматларидан фойдаланишда фақат расмий ва лицензияга эга ташкилотларга мурожаат қилишга чақирмоқда.