Сўнгги йилларда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар сони ортиб бораётгани билан бирга, айнан шу орзу ва ишончдан фойдаланиб, ноқонуний йўл билан даромад топишга уринувчи фирибгарлар ҳам кўпаймоқда. Айниқса, Корея Республикасига ишга юбориш, доимий яшаш гувоҳномасини олиб бериш ёки юқори маошли иш билан таъминлаш каби ваъдалар ортида кўплаб алдов ҳолатлари кузатилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.Х. ва Н.А. фуқаро А.С.ни гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали 55 минг АҚШ доллари эвазига Корея Республикасига ишга юборишлари ҳамда у ерда доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб беришларини айтиб, келишилган маблағнинг 25 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутахассислар фикрича, бундай жиноятларнинг кўпайишига аҳолининг тезроқ юқори даромадли иш топиш истаги, чет элга чиқиш тартиб-қоидаларини етарлича билмаслиги ҳамда ижтимоий тармоқлардаги ёлғон эълонларга ишониб қолиши сабаб бўлмоқда. Фирибгарлар эса ўзларини таъсир доираси кенг инсон сифатида кўрсатиб, катта маблағларни талаб қилиш орқали фуқароларни алдайди.

Энг хавфли жиҳати шундаки, бундай ноқонуний келишувларда ҳеч қандай ҳуқуқий кафолат мавжуд эмас. Фуқаро пул берган тақдирда ҳам унинг чет элга ишга юборилиши, виза олиши ёки доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритишига ҳеч ким кафолат бермайди. Оқибатда одамлар нафақат катта миқдордаги маблағидан айрилади, балки вақт, ишонч ва келажак режаларини ҳам йўқотади.

Шу боис хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар фақат ваколатли давлат идоралари ва расмий лицензияга эга ташкилотлар орқали ҳаракат қилиши, катта маблағ эвазига тезкор ва “кафолатли” хизматларни таклиф қилаётган шахсларга ишонмаслиги лозим. Энг муҳими, қонундан четга чиққан ҳар қандай таклиф ортида катта таваккалчилик ва фирибгарлик хавфи ётганини унутмаслик керак.