КОНИМЕХ ҲОКИМЛИГИ СУД ҚАРОРИНИ “УНУТДИ”МИ?
Конимех туманида 762,7 гектар ер бўйича суд қарори қонуний кучга кирганига қарамай, туман ҳокимлигининг 2026 йилда юборган расмий жавобларида у тилга олинмагани саволларни келтириб чиқарди. Мурожаатчи ҳодиса юзасидан ҳуқуқий баҳо сўрамоқда.
Конимех тумани ҳокимлигининг ер масаласи бўйича берган расмий жавобларида 2021 йилда қонуний кучга кирган суд қарори тилга олинмаган. Мазкур жавоб хатларининг нусхаси Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновга ҳам юборилган.
Элтузарга тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Конимех тумани ҳокими Рўзимурод Рўзиев имзолаган 2026 йил 7 июлдаги 01-05/1882-сонли хатда «JAXONSOY-SUBXON-SAFAR» фермер хўжалигига тегишли бўлган 762,7 гектар яйлов ер майдони туман ҳокимининг 2020 йил 21 октябрдаги 577-сонли қарори асосида захирага қайтарилгани айтилган.
Ҳокимлик ушбу ер кейинчалик президент фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 декабрдаги қарори асосида Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигига ўтказилганини билдирган.
Бироқ мурожаат муаллифига кўра, жавобда ишнинг энг муҳим ҳуқуқий жиҳати – Навоий туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 15 июлдаги қонуний кучга кирган қарори акс эттирилмаган.
Мурожаатчининг таъкидлашича, айнан шу суд ҳужжати билан «JAXONSOY-SUBXON-SAFAR» фермер хўжалигининг 762,7 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, Конимех тумани ҳокимининг ерни захирага қайтариш ҳақидаги 577-сонли қарорининг тегишли қисми бекор қилинган.
Туман ҳокимлигининг шу куни расмийлаштирилган 01-05/1883-сонли иккинчи жавобида эса 2025 йилда яйлов ва пичанзорларни хатловдан ўтказиш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар келтирилган. Аммо унда ҳам 2021 йилги суд қарори ва унинг ижроси ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳар икки хат Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов номига йўлланган, мурожаатчига эса нусхаси тақдим этилган. Шу боис вилоят раҳбарига низонинг амалдаги ҳуқуқий ҳолати тўлиқ ва холис етказилганми, деган савол пайдо бўлмоқда.
Мурожаат муаллифи ҳозирча бирор мансабдор шахсни айблаётгани йўқлигини таъкидлаган. У ваколатли идоралардан суд қарори нима сабабдан расмий жавобларда инобатга олинмаганини, вилоят ҳокимига тўлиқ маълумот берилган-берилмаганини ҳамда туман ҳокимлигининг собиқ ва амалдаги масъуллари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўрамоқда.
Шунингдек, Навоий вилояти прокуратурасидан аризаларни яна Конимех туманига юбориш билан чекланмасдан, масалани бевосита вилоят даражасида ўрганиш талаб қилинган.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжати барча давлат органлари ва мансабдор шахслар учун мажбурий ҳисобланади. Аммо нега Конимех тумани ҳокимлиги суд қарорини ўз жавобларида тилга олмади?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг