8 ЙИЛЛИК ҚАМОҚДАН УКРАИНА УРУШИГА
Россияда гиёҳвандлик жинояти учун қамалган, сўнг Украинадаги урушга ҳарбий шартнома асосида юборилган карманалик Саид Умаров Ўзбекистонда ёлланма аскарликда айбдор деб топилди. Суд унга қамоқ ўрнига тўрт йил озодликни чеклаш жазосини берди.
Россияда саккиз йилга қамалган, кейин озодлик эвазига ҳарбий шартнома имзолаб, Украинадаги уруш ҳудудига юборилган карманалик Саид Умаров Ўзбекистонда ёлланма аскарликда айбдор деб топилди.
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди унга тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Умаровга ишга бориш, уйга қайтиш ва даволанишдан ташқари вақтда яшаш манзилидан чиқиш тақиқланди. Унинг устидан назорат пробация бўлинмасига юклатилди.
Суд ҳукмига кўра, Умаров Россия Қуролли кучлари таркибига қўшилиб, Донецк, Мариуполь ва Запорожье йўналишларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган. У «Шторм В» бўлинмасига бириктирилиб, унга «Хайям» тахаллуси берилган.
Қамоқ ёки уруш?
Иш ҳужжатларида қайд этилишича, Умаров Россияда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят бўйича саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган. Кейин у ҳарбий хизмат билан боғлиқ тартиб асосида қамоқдан чиқарилган.
Умаровнинг судда айтишича, колонияда унга: «Қамоқдан чиқишинг учун урушга боришинг ва ҳужжатга қўл қўйишинг керак», дейилган. У билан бирга 50 нафарга яқин маҳкум, жумладан ўзбек ва тожиклар ҳам ҳарбий шартнома имзолаган.
Шундан кейин улар Донецкдаги ҳарбий лагерга олиб борилган. Умаровга АК-74 автомати, бронежилет, шлем ва бошқа анжомлар берилган. У қурол ишлатиш, граната улоқтириш, ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқиш ва ҳужум тактикаси бўйича тайёрланган.
Дрон зарбасидан кейин қочган
2026 йил 8 март куни Запорожье ҳудудидаги ҳарбий лагерга қилинган ҳужум пайтида Умаров жароҳатланган. У Мариуполь, Ростов ва Астрахандаги ҳарбий госпиталларда даволанган.
Судланувчининг кўрсатувига кўра, кейинчалик у ҳарбий тузилмадан қочиб, Москвадаги Ўзбекистон элчихонасига борган. Ватанга қайтиш гувоҳномасини олгач, Қозоғистон орқали Ўзбекистонга қайтиб келган.
Телефонлардан ҳарбий суратлар топилган
Тергов вақтида Умаровнинг отаси ва турмуш ўртоғи телефонларидан унинг ҳарбий кийимдаги суратлари, ҳарбий шартнома, жетон ва жароҳатланган оёқлари акс этган тасвирлар топилган. Суд бу материалларни унинг айбини тасдиқловчи далиллар қаторида баҳолаган.
Суд Умаровнинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, уч нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, оилада ягона боқувчи экани ва ҳали ҳам даволанаётганини ҳисобга олган. Шу боис қамоқ жазоси ўрнига тўрт йиллик озодликни чеклаш жазоси берилган.
Ҳукм устидан ўн сутка ичида апелляция шикояти бериш мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг