КАРИМОВ ДАВРИГА ҚАЧОН СИЁСИЙ БАҲО БЕРИЛАДИ?
Мақолада Ислом Каримов ҳукмронлиги даври қандай сиёсий-ҳуқуқий баҳога муҳтож экани, Андижон воқеалари, сиёсий қатағонлар, мажбурий меҳнат ва инсон ҳуқуқлари бузилиши каби мавзулар орқали муҳокама қилинади.
Ислом Каримов вафот этганига ўн йилдан ошди. Аммо Ўзбекистон ҳали ҳам унинг ҳукмронлик даврига холис, тўлиқ ва расмий сиёсий-ҳуқуқий баҳо бериш масаласига етарлича ойдинлик киритгани йўқ.
Каримов даврини фақат мустақиллик, тинчлик ва барқарорлик ҳақидаги тантанали нутқлар билан баҳолаб бўлмайди. Бу даврнинг иккинчи, оғир ва фожиали томони ҳам бор. У миллионлаб одамларнинг кундалик ҳаёти, ҳуқуқлари ва тақдирида ўз изини қолдирган.
Ўша йилларда мамлакат фуқароси ўз пойтахтида эркин яшаш ва ишлаш учун прописка деган маъмурий тўсиққа дуч келарди. Тошкентга иш ёки тирикчилик излаб келган одам ўз юртида бегоналигини ҳис қиларди.
Ўзбек сўмига эркин валюта сотиб олиш имконияти кескин чекланган, расмий курс билан қора бозор курси ўртасида катта тафовут мавжуд эди. Тадбиркорлик маъмурий назорат остида, иқтисодий имкониятлар эса кўп жиҳатдан давлат рухсатига боғлиқ эди.
Хорижга чиқиш учун рухсат олиш талаб этиларди. Ҳаж зиёратига бориш ҳам давлат белгилаган квоталар ва текширувлар билан чекланганди.
Матбуот эркинлиги бўғилган, мустақил журналистлар ва сиёсий мухолифат вакиллари таъқибга учраган. Хавфсизлик идораларининг жамият устидан назорати кучли эди.
Пахта далаларига ўқитувчилар, талабалар ва давлат хизматчиларини сафарбар қилиш йиллар давомида оммавий амалиёт бўлиб келди. Мажбурий меҳнат давлат иқтисодий сиёсатининг оғир оқибатларидан бирига айланди.
Энг оғир савол эса 2005 йил 13 майдаги Андижон воқеалари билан боғлиқ.
Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари хавфсизлик кучлари томонидан юзлаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани ҳақида далиллар келтирган. Ўзбекистон ҳукумати эса бошқа рақамлар ва талқинларни илгари сурган. Мустақил халқаро тергов ўтказиш ҳақидаги талаблар қондирилмаган.
Андижон фожиаси, сиёсий маҳбуслар, қийноқлар, сўз эркинлигининг чекланиши ва давлат зўравонлиги билан боғлиқ бошқа ҳолатлар тарихий хотирадан ўчириб ташланиши мумкин эмас.
2016 йилдан кейин Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларнинг ўзи ҳам аввалги тизимда қанчалик жиддий муаммолар тўпланганини кўрсатди.
Мирзиёевнинг ташаббуси билан ва раҳбарлиги остида валюта бозори эркинлаштирилди, прописка билан боғлиқ чекловлар юмшатилди, хорижга чиқиш визаси бекор қилинди, пахтачиликда тизимли мажбурий меҳнатга қарши чоралар кўрилди.
Агар бу чекловларни бекор қилиш ислоҳот бўлган бўлса, уларни ўнлаб йиллар сақлаб турган сиёсий тизимга қандай баҳо берилиши керак?
Масаланинг энг катта зиддияти ҳам шу ерда.
Бугун расмий минбарларда «Янги Ўзбекистон» ҳақида гапирилади. Ўтмишдаги маъмурий тўсиқлар ва бошқарувдаги камчиликлар тан олинади. Бироқ ўша тизимнинг бош сиёсий меъмори Ислом Каримов давлат даражасида улуғланишда давом этмоқда.
Ҳалиям Каримов ҳайкали пойига гул қўйилади. Унинг хотирасига бағишланган давлат маросимлари ўтказилади. Тошкент халқаро аэропорти унинг номини олиб юрибди. Мамлакатнинг турли шаҳарларида ҳайкаллари ўрнатилган.
Албатта, Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллиги давридаги сиёсий ўрни – тарихий фактдир. Уни инкор этиш ҳам, давлатчилик тарихидан ўчириш ҳам мумкин эмас.
Аммо мустақиллик тарихидаги ўрни сиёсий репрессиялар, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва давлат бошқарувидаги хатолар учун жавобгарлик масаласини бекор қилмайди.
Давлат арбобининг тарихий хизматларини эътироф этиш билан унинг ҳукмронлиги оқибатларини танқидий баҳолаш бир-бирига зид эмас.
Шу боис Ўзбекистон жамияти бир қатор фундаментал саволларга аниқ-тиниқ жавоблар олиши керак. Жумладан:
- Каримов давридаги сиёсий қатағонлар ва инсон ҳуқуқлари бузилишига давлат қандай расмий баҳо беради?
- Андижон воқеалари юзасидан мустақил, ишончли текширув ўтказиш ва жабрланувчилар ҳуқуқларини тиклаш масаласи қачон ҳал этилади?
- Ўша даврда ноҳақ қамалган, қийноққа учраган ва таъқиб қилинган фуқароларнинг тақдири қандай ҳуқуқий баҳоланади?
- Каримов номи билан аталган давлат объектлари ва унинг хотирасини абадийлаштириш сиёсати қайта кўриб чиқилиши керакми?
- Ниҳоят, ўша сиёсий тизимни шакллантирган ва унинг фаолиятида иштирок этган амалдорларнинг масъулияти қандай аниқланади?
Бу саволлар ҳайкалларни ағдариш ёки қабрларни таҳқирлаш ҳақида эмас. Бундай ҳаракатлар тарихий адолатнинг ўрнини боса олмайди.
Гап давлат даражасида тарихий ҳақиқатни аниқлаш, жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини эътироф этиш ва сиёсий масъулият чегараларини белгилаш ҳақида кетмоқда.
Каримов даврига расмий сиёсий баҳо бериш масаласи шахсга нисбатан муносабатдан анча кенгдир. Бу – давлат ўз ўтмишидаги хатоларни тан олишга, уларнинг сабабларини очишга ва такрорланмаслиги учун институционал кафолатлар яратишга қанчалик тайёр эканини кўрсатадиган масала.
Ўзбекистоннинг яқин тарихини фақат давлат раҳбарлари ҳақидаги мадҳиялар эмас, балки ўша даврни бошидан кечирган миллионлаб фуқароларнинг тажрибаси ҳам белгилаши керак.
Каримов даври тарихий тадқиқот, жамоатчилик муҳокамаси ва расмий сиёсий-ҳуқуқий баҳолаш предметига айланиши зарурлиги ҳақидаги талабнинг моҳияти ҳам шунда.
Чунки бир даврнинг хатоларини тузатиш билан ўша хатолар учун сиёсий масъулиятни тан олиш – икки хил масала.
Ўтмишга баҳо берилмас экан, унинг такрорланмаслиги ҳақидаги ваъдаларни ҳам тўлиқ текшириб бўлмайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг