Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида Instagram саҳифасига Қорбобо ҳақидаги диний мазмундаги 56 сониялик видеони жойлаган 25 ёшли йигит 3 йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Унинг иш ҳақидан ҳар ой 20 фоиз давлат даромадига ушлаб қолинади, иш бўйича ашёвий далил деб топилган «Honor 400 Lite» телефони эса йўқ қилинади.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг ҳукмига кўра, Асадбек Сулаймонов “Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишда” айбдор деб топилган.

Суд ҳужжатида қайд этилишича, Сулаймонов Instagram ижтимоий тармоғида «ushshooq» номи билан саҳифа очган ва 2025 йил 28 декабрь куни унга “Қорбобожон қорбобо, жаҳаннамда бор бобо” сўзлари билан бошланувчи 56 сониялик видео жойлаган.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 29 январдаги диншунослик экспертизаси ушбу видеони ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материал деб баҳолаган.

Экспертиза хулосасида видеода Қорбобонинг жаҳаннамда ёниши, Янги йил арчасини маъқуллаганлар ва байрамни ҳалол деб кўрсатганлар ҳақоратомуз ифодалар билан тилга олингани кўрсатилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Сулаймоновнинг телефонини 2026 йил 27 январда холислар ва мутахассис иштирокида кўздан кечирган.

Судда берилган кўрсатувга кўра, Instagram саҳифасига жойланган видео 1297 марта кўрилган, унга 66 та «лайк» босилган, 11 та изоҳ қолдирилган ва 26 марта бошқаларга тарқатилган.

Сулаймонов судда видеони саҳифасига жойлаганини инкор этмаган. Бироқ у материални бошидан охиригача эшитмагани ва унинг ақидапарастлик мазмунига эга эканини билмаганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, видеони Янги йил байрами арафасида кўриб, Қорбобо сурати борлиги учун ҳазиломуз материал ёки шеър деб ўйлаган. Уни Instagram саҳифасидаги кўришлар сонини ошириш мақсадида жойлаганини билдирган.

Судланувчи ҳар йили оиласи билан Янги йилни нишонлашини, мазкур видеонинг давлат сиёсати ёки динга қарши мазмунда эканини билганида уни тарқатмаган бўлишини таъкидлаган.

У профилига бу видеодан ташқари бошқа шунга ўхшаш материалларни жойламаганини айтиб, суддан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Ишда гувоҳ сифатида қатнашган шахслардан бири ҳам видеони Янги йил арафасида тарқалган ҳазиломуз материал деб ўйлаб, унга “лайк” босганини билдирган. Гувоҳ Сулаймоновнинг Instagram саҳифасида асосан кулгили ва қизиқарли видеолар жойлаштирилганини айтган.

Ҳимоячи судда телефонни кўздан кечириш ва олиб қўйиш жараёни, электрон дисклар ҳамда диншунослик экспертизаси хулосасини мақбул далиллар деб ҳисобламасликни сўраган.

Адвокат экспертиза ўтказиш Фарғона давлат университети мутахассисларига топширилгани, аммо хулоса Дин ишлари бўйича қўмита ходими томонидан берилганига эътибор қаратган.

Суд эса хулосани тайёрлаган мутахассис бир вақтнинг ўзида Фарғона давлат университетида ҳам ишлаганини қайд этиб, ҳимоячининг эътирозларини рад қилган.

Суднинг хулосасига кўра, Сулаймоновнинг айби телефонни кўздан кечириш баённомалари, DVD дисклар, диншунослик экспертизаси, гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар билан тасдиқланган.

Суд жазо белгилашда Сулаймоновнинг муқаддам судланмагани, қилмишидан пушаймонлиги ва шахсий ҳолатини енгиллаштирувчи омиллар сифатида ҳисобга олган. Унинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб топилган.

Натижада суд уни қамоққа юбормасдан, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, модда санкциясида кўрсатилганидан енгилроқ жазо тайинлаган.

Сулаймонов 3 йил давомида пробация органлари белгилаган жойда ишлайди ва иш ҳақининг 20 фоизи давлат фойдасига ушлаб қолинади.